Қирғизистон президенти Садир Жапаров 1 август куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев билан Иссиқкўлнинг шимолий соҳилида дам олди. Бу ҳақда Kloop хабар берди. Жапаровнинг ёрдамчиси Адинай Марипова таътилдан видео ва фотолавҳалар эълон қилган.
Жапаров ва Ташиев ўртасида яширин зиддият пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар фонида уларнинг иккиси бирга дам олишга чиқди. Қарама-қаршилик ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг собиқ раҳбари маълум қилганди, у Жапаров ва Ташиев «ҳокимиятни бўлиша олмаётганини» айтган.
Аввалгидек президент матбуот хизмати бу сафар ҳам давлат раҳбарининг таътилда экани ҳақида хабар бермаган, Жапаровнинг сафари эълон қилинмаган.
Фуқаролар бу ҳақда ижтимоий тармоқлардан билиб олди. Улардан аввалроқ ҳайдовчилар Иссиқкўлга кетаётган президент кортежига йўл бериши керак бўлгани учун сафар ҳақида хабар топган.
Жапаров ва Ташиев Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғида дам олган, ўша пайтда кўл яқинидаги бутун Иссиқкўл ҳудудида селлар келган.
31 июль куни Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Иссиқкўлга яқин Қоракўл шаҳрида сел келгани ҳақида хабар берди. Қоракўл дарёси яқинидаги 27 хонадон аҳолиси сув тошқини хавфи туфайли эвакуация қилинган.
2 август куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қоракўл ва Балиқчи шаҳарларида, шунингдек, Оқсув, Тон, Жети-Ўғуз ва Иссиқкўл туманларида 342 турар жой биноларининг ҳовлисини, шу жумладан, 67 та уйнинг ичини сув босгани ҳақида хабар берди.
Ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларда ва давлат раҳбарининг веб-сайтида Иссиқкўлдаги селларга Жапаровнинг муносабати ҳақида ҳали бирор хабар эълон қилинмаган.
Изоҳ (0)