Россия президенти Владимир Путин коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси билан эмланган. Бу ҳақда унинг ўзи тоғридан тўгри эфирда маълум қилди, деб ёзади Meduza.

Фото: «ТАСС»

«Мен (вирусдан) иложи борича узоқ вақт ҳимояланишим кераклигини тушунган ҳолда, ‘Спутник V’ билан эмланишга қарор қилдим. Бундан ташқари, Қуролли Кучларимиз ҳам ‘Спутник V’ билан эмланган, мен ахир олий бош қўмондонман», — деди Путин.

Вакцинанинг иккиламчи таъсири ҳақида гап кетганда, у иккинчи инъекциясидан кейин кечқурун тана ҳарорати 37,2 даражага кўтарилганини пайқаган, аммо эрталаб ҳарорат нормал ҳолатга — 36,6 га тушган. Шунингдек, Путин «Спутник V» билан эмланган қизининг ҳам ҳарорати 37,5 га кўтарилганини айтди, аммо кейин ҳаммаси жойига тушган.

Нима сабабдан камералар билан омма олдида эмланмагани ҳақидаги саволга Путин қуйидагича жавоб берди: «Агар вакцина қўлдан эмас, балки бошқа жойдан қилинганда, уни ҳам кўрсатиш керак бўларди».

«Умид қиламанки, мен эмландим десам, мамлакат фуқароларининг аксарияти, бу ҳақиқат эканини тушунади... Менимча, ушбу даражадаги кишилар майда фирибгарликлар билан шуғулланмайди», — деди Путин.

23 март куни Путин коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланганди. Путин омма олдида эмланишдан бош тортган. Песков президент «камералар нишони остида» вакцина олишни ёқтирмаслигини айтганди. Президент матбуот котиби Путин «вакциналар тарғиботи учун шундоқ ҳам кўп нарса қилаётгани»ни таъкидлаган.

14 апрель куни эса Путин вакцинанинг иккинчи дозасини қабул қилди. Шу пайтгача унинг қайси вакцина билан эмлангани номаълум эди. Кремль бу маълумотни ошкор қилишдан бош тортганди.

Март бошида давлат раҳбарларидан Украина президенти Владимир Зеленский коронавирусга қарши эмлангани, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди коронавирусга қарши мамлакатда ишлаб чиқарилган COVAXIN вакцинасининг биринчи дозасини олгани, шунингдек, дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири, Berkshire Hathaway бош директори Уоррен Баффетт Pfizer/BioNTech компаниясининг вакцинаси билан коронавирусга қарши эмлангани ҳақида хабарлар берилган.

25 июнь куни Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ва Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев коронавирусга қарши эмлангани ҳақида хабар берилди. Хоманаий мамлакатда ишлаб чиқарилган «Эрон Баракат» коронавирусга қарши вакцинасининг биринчи дозасини олган. Назарбоев эса Қозоғистоннинг Қарағанда фармацевтика заводида ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинасининг биринчи компонентини қабул қилган.