ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда «ГАИ ходими тез тиббий ёрдам автомобилини сабабсиз ўтказмаслиги — жиноят» сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ЙПХ ходими йўлнинг ҳаракатланиш вақтинча чекланган қисмида чақирув бўйича манзилган кетаётган тез ёрдам машинасини ўтказмагани тасвирланган. Ҳолат Термиз шаҳар Навбаҳор кўчасида содир бўлган.

Маълум қилинишича, 15—17 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида «Ёшлар фестивали» ўтказилгани муносабати билан ЙПХ ходимлари хизматга жалб этилиб, айрим кўчаларда транспорт воситалари ҳаракати чекланган.

«Ҳозирда ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъуллари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Сурхондарёда 1 млн сўм пора олмаган ЙПХ инспектори телевизор билан мукофотлангани, Ангренда кунига 50 та баённома ёзиши айтилган ЙПХ ходимига нисбатан хизмат текшируви тайинлангани тўғрисида хабар берилганди.