Самарқанд вилояти Самарқанд туманида ухлаб қолган ҳайдовчи икки кишининг ўлимига сабабчи бўлди, дея хабар бермоқда ЙҲХББ.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 20 май куни соат 03:30 ларда Самарқанд тумани «Қўштамғали» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 Олмаота–Тошкент–Термиз автомобиль йўлининг 1083-километрида Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи 31 ёшли ҳайдовчи Cobalt автомобилини Тошкент–Термиз йўналиши бўйлаб бошқариб келаётганда ухлаб қолиб, бошқарувни йўқотган.
Оқибатда шу йўналишда ҳаракатланиб кетаётган, Жиззах вилояти Зомин туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги «КамАЗ» юк машинасининг орқа қисмига бориб урилган. Шундан сўнг Cobalt салонида ёнғин чиққан.
ЙТҲ оқибатида Cobalt’нинг икки йўловчиси воқеа жойида вафот этган. Автомобиль ҳайдовчиси ва бир нафар йўловчи куйиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Бундан аввал Андижонда тез ёрдам машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, Ангрендаги ЙТҲда 7 киши вафот этгани ҳамда Тошкентда йўлни ажратиб турувчи тўсиққа урилган Spark ҳайдовчиси шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)