Наманган вилоятининг Поп туманида Nexia пастликка қулаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна икки киши жароҳат олди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.
Воқеа 24 май куни соат 18:00 ларда Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг 279-километрида юз берган. Ҳайдовчи Nexia’да ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотган ва бетон тўсиққа урилган. Натижада йўлдан чиқиб кетиб, пастликка тушиб кетган.
Оқибатда ҳайдовчи ҳамда 20 ва 35 ёшли йўловчилар тан жароҳатлари олиб, туман шифохонасига ётқизилган. Яна бир йўловчи олган тан жароҳатлари сабабли вафот этган.
Ҳолат юзасидан Поп тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда Damas ва «КамАЗ» тўқнашувида икки киши ҳалок бўлгани, 8 ёшли қиз ва яна бир киши оғир тан жароҳатлари олгани маълум қилинганди. Ундан аввал Ангренда 8 та транспорт воситаси — юк машинаси, 3 та Lacetti, 2 та Nexia-3, Cobalt ва Matiz иштирок этган йирик ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳодиса оқибатида жами 7 нафар шахс вафот этган, 14 нафар шахс олган тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)