Ҳиндистоннинг ғарбидаги Тауктае циклони оқибатида юздан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда dpa international хабар берди.

Фото: EPA

Мумбай соҳилларида жойлашган, бортида 261 киши бўлган кема чўкиб кетди. Ҳиндистон флоти 37 кишининг ҳалок бўлганини, 38 кишининг бедарак йўқолганини, қолганларнинг эса қутқариб олинганини тасдиқлади.

Ҳиндистон соҳилларидаги бинолар ва дарахтларнинг қулаши натижасида Гужарот штатида 53 нафар, Махараштра штатида 18 нафар, Гоа, Карнатака ва Керала штатларида 10 нафар одам ҳалок бўлди.

Бундан ташқари, Гужаротда тахминан 16,5 мингта уй зарар кўрди, ҳукумат 200 минг аҳолини эвакуация қилди.

Тауктае циклони шамол тезлигини соатига 210 километргача чиқарди, бу бўроннинг учинчи тоифаси бўлиб, IMD (India Meteorological Department — Ҳиндистон Метеорология Бошқармаси) суперциклон тоифасидан атиги бир даража паст ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистондаги циклон кетма-кет тўртинчи кун давом этмоқда. Циклон йил бошидан буён содир бўлган энг кучлиси экани эътироф этилди. Баъзи ҳудудлар ноқулай об-ҳаво сабабли электр энергиясидан узилиб қолди. Қутқарувчилар йўлларни қулаган дарахтлардан тозаламоқда.

Аввалроқ Ҳиндистоннинг Бихар штатида Ганга дарёсидан COVID-19 туфайли вафот этгани тахмин қилинаётган камида ўттиз кишининг жасади топилгани ҳақида хабар берилганди. Ҳиндистон ҳукумати ўликларнинг сувга ноқонуний равишда ташланишининг олдини олиш мақсадида Ганга дарёсига тўрлар ўрнатди.