Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос 12 май куни Иордания қироли Абдуллоҳ II ва Ироқ президенти Барҳам Солиҳ билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Суҳбат давомида у Фаластин—Исроил можаросининг кучайишини ва умуман, минтақадаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда Маҳмуд Аббоснинг девонхонасига таяниб «ТАСС» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Суҳбат давомида Фаластин раҳбари ва Иордания қироли «муборак Ал-Ақса масжиди, шунингдек, Шарқий Қуддусдаги ‘Шайх Жарраҳ’ ҳудудидаги диндорларнинг ҳуқуқларига қарши (Исроил) босқинчи кучларнинг жиноий ва тажовузкор ҳаракатларини муҳокама қилди».

Бундан ташқари, томонлар «Исроилнинг хавфли эскалацияси ва Ғазо секторига ҳужуми» ҳақида гаплашди. Ҳар икки раҳбар «маслаҳатлашувларни давом эттириш ва Исроилнинг Фаластин халқига қилаётган тажовузига қарши ҳаракатларни мувофиқлаштириш»га келишиб олди.

Ўз навбатида, Ироқ президенти Фаластин етакчиси билан суҳбат чоғида «ироқликлар фаластинликларни қўллаб-қувватлаши ва уларнинг ҳуқуқларини тан олишини тасдиқлади». Бунга жавобан Фаластин раҳбари Солиҳга Бағдоднинг Фаластин—Исроил можаросидаги позицияси учун миннатдорчилик билдирди.

Маълумот учун, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Исроил полициясининг Рамазон ойида бу ҳаракатларини танқид қилди ва «керак бўлса, ал-Ақсони қутқариш ва ўз эътиқоди учун жонини аямаслиги»ни таъкидлади.

Аввалроқ Қуддуснинг Маъбад тоғидаги ал-Ақсо масжидида Исроил полицияси билан юзага келган тўқнашувда 278 нафар фаластинлик жароҳатланди.

Ғазо секторидан Исроил ҳудуди бўйлаб 11 май куни тунда 200 га яқин ракета учирилди. Ҳарбийларнинг маълумотларига кўра, «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизими ўнлаб ракеталарни тўхтатиб қолди.