Афғонистон пойтахти Кобулдаги қизлар мактабига ҳужум уюштирилиб, унинг яқинида содир бўлган портлашда, сўнгги маълумотларга кўра, 55 киши ҳалок бўлиб, 150 дан ортиқ одам яраланди. Портлаш Кобулнинг ғарбий Дашт-э-Барчи туманида юз берди.

Фото: Reuters

Tolo News манбаларига кўра, мактабда учта портлаш содир этилган: дастлаб машина портлаган, сўнг иккита ракета учирилган. Мактаб ўқитувчисининг маълум қилишича, қурбонларнинг кўпчилиги — мактабда ўқийдиган 11—15 ёшли қизлар.

Фото: Reuters

Воқеа жойига бир нечта тез ёрдам машиналари юборилган, улар ярадорларни эвакуация қилган. Аммо ҳодиса юз берган жойда ғазабланган оломон тиббиёт ходимларини дўппослади.

Фото: Reuters

Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг фикрича, портлаш ортида «Толибон» ҳаракати турибди. У ҳужумни инсониятга қарши қаратилган жиноят деб атади. Унинг сўзларига кўра, «Толибон»лар шундай ҳаракатлари орқали Афғонистондаги тинчлик жараёнини «тормозламоқда».

Фото: AP Photo

Айни вақтда «Толибон»нинг ўзи ҳам ушбу ҳужумни қоралади.

Фото: AP Photo

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида АҚШ президенти Жозеф Байден Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланганини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар минтақада уларнинг олдига қўйилган барча мақсадларга эришган. Қуролли Кучлар 11 сентябргача тўлиқ чиқариб кетилиши режалаштирилган. Америка ва НАТО мамлакатлари қўшинлари 29 апрелдан чиқиб кетишни бошлаган.

Фото: AP Photo

Оқ уй Америка президентининг маъмурияти Тинч океани йўналишига эътиборни жамлашни режалаштираётганини айтди. Айни вақтда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Афғонистондан қўшинлар чиқариб кетилгач, мамлакатда ҳокимият тепасига «Толибон»лар келиши мумкинлигини истисно қилмади.

Фото: Reuters