Сурияда биринчи марта аёл киши президентлик сайловида номзод сифатида рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда Сурия парламенти раиси Хаммуд Саббаг хабар берди, деб ёзмоқда «Интерфакс».

Фото: AP Photo

Associated Press’нинг маълум қилишича, дамашқлик 50 ёшли аёл Фатен Али Нахар президентлик сайловларида қатнашиш ҳақида мустақил равишда қарор қабул қилган. Лекин унинг шахси ҳақида ҳеч қандай батафсил маълумотлар келтирилмаган.

Шунингдек, Сурия президенти Башар Асад ҳам яқинлашаётган президентлик сайловларига ўз номзодини рўйхатдан ўтказиш учун сўров юборди. Амалдаги конституцияга кўра, Асад сўнгги марта сайловларда қатнашиш ҳуқуқига эга. У президентлик сайловига номзодини қўйган олтинчи одам бўлди.

Сурия парламенти навбатдаги президентлик сайловларини 2021 йилнинг 26 май куни ўтказишни режалаштирган.

Сурия мухолифатчилари яқинлашаётган сайловларни кўзбўямачилик деб атади. АҚШ ва Европа Иттифоқи эса сайлов натижаларини тан олишни олдиндан рад этди.

«Олий конституциявий судга номзодлик учун ҳужжатларни топшириш 19 апрелдан бошланиб, 28 апрелгача давом этади», — деди парламент раиси.

2020 йилнинг ёзида бўлиб ўтган Сурия парламент сайловларида Асад тарафдорларининг коалицияси — «Миллий прогрессив фронт» ғолиб чиқиб, 250 ўриндан 177 тасини банд қилган эди. Сайловда сайловчиларнинг 33 фоизи овоз берган.

Маълумот учун, охирги президентлик сайловлари 2014 йилда бўлиб ўтган эди, ўшанда мамлакатни 2000 йилдан буён бошқариб келаётган Суриянинг амалдаги президенти Башар Асад ғолиб бўлган эди.

Аввалроқ Эквадорда «КREO ҳаракати» ўнглар партияси вакили, собиқ банкир Гилермо Лассо президентлик сайловларида ғолиб чиққани ҳақида хабар берилди. Сайлов бюллетенларининг 98,05 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин Лассо президентлик сайловининг иккинчи турида 52,48 фоиз овоз тўплади.

Россия президенти Владимир Путин эса ўзига яна давлат раҳбарлиги лавозимини эгаллаш учун сайловларда иштирок этиш имконини бериш назарда тутилган қонунни имзолади. Энди Россия президенти лавозимини конституциядаги ўзгаришлар кучга киргунига қадар эгаллаб турган шахсларнинг икки муддатга президентликка сайланиш тақиқи олиб ташланди.