Николай Иванович Бухарин рус инқилобчиси, совет сиёсатчиси, давлат ва партия арбоби эди. У 1917-1934 йилларда компартия Марказий Қўмитаси аъзоси, 1934-1937 йилларда КПСС(б) Марказий қўмитаси аъзоси, 1919-1924 йилларда РКП(б) Марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси, 1924-1929 йилларда ВКП(б) Марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси сифатида фаолият олиб борган. «Дарё» ўнгчи коммунистлар лидери, коллективлаштириш сиёсатига ашаддий қаршилик кўрсатган сиёсатчи, СССР Фанлар академиясининг академиги Николай Иванович Бухариннинг ҳаёт йўли ва аянчли ўлими ҳақида ҳикоя қилади.
Бухарин ўзи ким эди?
Бухарин оддий мактаб ўқитувчилари Иван Гаврилович Бухарин ва Любов Ивановна Измаиловалар оиласида дунёга келган. У аввал Биринчи Москва гимназиясида, уни тугатганидан сўнг эса 1907 йилдан Москва Университетининг юридик факультети иқтисодиёт бўлимида таҳсил олди. Бироқ у ўқишини тамомлашга муваффақ бўлмайди – Бухаринни 1911 йилда инқилобий фаолиятга алоқадорликда айблаб ҳибсга олишади.1905-1907 йиллардаги инқилоб пайтида у ўзининг энг яқин дўсти Иля Эренбург билан биргаликда Москва университети талабалари томонидан ташкил этилган талабалар намойишларида фаол иштирок этди. 1906 йилда у болшевиклар сафига қўшилиб, социал-демократик ишчи партиясига аъзо бўлади. 19 ёшли Бухарин 1907 йилда кейинчалик комсомолнинг асосчиларидан дея эътироф этилган Григорий Соколников билан Москвада ёшлар конференциясини ташкил қилди.
Бухариннинг сиёсий фаолияти
1912 йилда Бухарин Краковда Ленин билан учрашди ва кейинчалик у билан дўстона муносабатларни ўрнатди. Социализмнинг йирик намоёндаларидан бири ҳисобланган Богданов Бухариннинг қарашлари шаклланишида муҳим ўрин тутади.1912 йилнинг кузида ноқонуний йўл билан Австрия-Венгрияга борган Бухарин 1914 йилда – биринчи жаҳон уруши бошланиши билан мамлакат ҳукумати томонидан жосусликда айбланиб ҳибсга олинади ва Швейцарияга сургун қилинади. 1916 йилда у Франция ва Англия орқали Стокгольмга йўл олади. Швецияда у сохта – Моиша Долголевский исми билан яшаган.
У АҚШ Коммунистик партиясини тузиш режаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этади. Умуман олганда, Бухарин социалистик партиянинг ва бутун Америка сўлчилар ҳаракатининг келажаги унинг қўлида бўлган кам сонли кишилардан бири эди.
1915 йилда Бухарин ХХ аср бошларида капитализмнинг хусусиятларини таҳлил қилишга бағишланган «Жаҳон хўжалиги ва империалисм» асарини ёзади, бу китобнинг муқаддимаси Ленинга тегишли эди. Бошқа томондан, социал-демократлар ўртасида биринчи жаҳон уруши бошланиши билан бошланган муҳокамада халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи тўғрисида Бухарин Ленин ва унинг тарафдорлари (хусусан, Сталин ва Зиновиев) позициясига қарши чиқади. Ленин Бухарин ва унинг сафдоши Пятаковнинг қарашларини «марксизм карикатураси» деб атаган ва уларни сиёсий масалаларни иқтисодий масалалардан ажрата олмаслик билан боғлиқ бўлган 1890 йилларнинг иқтисодига қайтиш деб ҳисоблаган.
1917 йилги февраль инқилобидан сўнг Бухарин дарҳол ўз ватанига қайтишга қарор қилди, аммо у Россияга фақат 1917 йилнинг май ойига келибгина қайтиб келишга муваффақ бўлди, чунки ундан олдин Бухарин Япония ҳудудида ҳибсга олинган эди.
Бухарин – назариячи ва иқтисодчи
1917 йилда VI қурултойда Бухарин РСДП (б) Марказий қўмитасининг аъзоси этиб сайланади, 1917 йил октябрь инқилоби даврида радикал сўлчи позицияни эгаллаб, тарғибот ишларида фаол қатнашади. 1918 йилдаги қисқа танаффусни ҳисобга олмаганда кўп йиллар давомида у «Правда» газетасининг бош муҳаррири сифатида фаолият олиб боради. У ишлаб чиқаришни миллийлаштириш ва Халқ хўжалиги Олий Кенгаши бошчилигидаги иқтисодий бошқарув органларини яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиққан.1918 йил май ойида Бухарин машҳур «Коммунистлар дастури» рисоласини нашр эттиради. «Ижарачиларнинг сиёсий иқтисодиёти» ва «Жаҳон иқтисодиёти ва империализм» асарлари нашр этилгандан сўнг у РКП (б)нинг етакчи назарий иқтисодчиларидан бирига айланди. 1919 йил март ойида Бухарин РКП (б) Марказий Қўмитаси Сиёсий бюросининг номзод аъзоси этиб сайланди. У 1919-1920 йилларда Коминтерн Ижроия қўмитасининг аъзоси эди.
1919 йил 25 сентябрда Бухарин террорчилик ҳаракатининг қурбонига айланди: у анархист террорчилар томонидан Леонтиевский кўчасидаги компартия Марказий қўмитаси биносига ташланган бомба туфайли яраланган.
1919 йил октябрда у Евгений Преобразенский билан биргаликда «Коммунизмнинг алифбоси» китобини ёзади, кейинчалик бу китоб 20 мартадан кўпроқ қайта нашр қилинган. 1920 йил май ойида Бухариннинг (қисман Георгий Пятаков билан ҳаммуаллифликдаги) «Ўтиш даври иқтисодиёти. I қисм: Трансформация жараёнининг умумий назарияси» асари нашрдан чиқади. Ушбу асарлар Ленин томонидан ижобий қабул қилинган, аммо у Бухарин томонидан бир қатор масалаларнинг марксизм эмас, балки А.А.Богданов томонидан ишлаб чиқилган тектологик назария нуқтаи назаридан кўриб чиқилаётганига ишонган ва бунинг учун муаллифни танқид ҳам қилган.
Умуман олганда, Бухариннинг 1918-1921 йиллардаги асарлари мамлакат иқтисодиётида иқтисодий бўлмаган усулларни кенг қўллаш билан боғлиқ бўлган «ҳарбий коммунизм» амалиётининг кучли таъсири остида ёзилган эди.
Троцкийга қарши кураш ва Сталин билан бўлган келишмовчиликлар
1923 йилнинг ноябрдан Бухарин «троцкийчи» чап оппозицияга қарши фаол кураш олиб боради. 1924 йил 21 январда рўй берган Лениннинг ўлими унинг энг яқин ўртоқларидан бири бўлган Бухарин учун жиддий руҳий зарба бўлади. Лениннинг вафотидан сўнг у Марказий қўмита сиёсий бюросига ўтказилади (1924 йил 2 июнь) ва партия ва давлатнинг энг нуфузли раҳбарларидан бирига ҳамда Сталиннинг яқин дўстига айланади. Бунга Сталиннинг Бухаринни «Николаша» ёки «Бухарчик» деб атагани ҳам мисол. Троцкий, Каменев ва Зиновевларга қарши курашда, шунингдек, Троцкийнинг сўнгги мағлубиятида Бухарин Сталинга катта ёрдам кўрсатди.«Ҳарбий коммунизм»нинг муваффақиятсизликлари сабабларини таҳлил қила туриб Бухарин Ленин эълон қилган янги иқтисодий сиёсатнинг фаол тарафдорларидан бирига айланди. Ленининг вафотидан кейин у НЕПга мувофиқ кейинги иқтисодий ислоҳотлар зарурлигини таъкидлайди. Шу билан бирга, Бухарин Троцкийнинг жаҳон инқилоби ҳақидаги ғоясига қарши бўлган «алоҳида бир мамлакат социализми» сталинистик назариясини ишлаб чиқишда қатнашган.
1928 йилда у коллективлаштиришнинг кучайишига қарши чиқди. 1928 йил 30 сентябрда «Правда»да нашр этилган «Иқтисодчининг қайдлари» мақоласида Бухарин аграр ва саноат секторининг ягона мақбул инқирозсиз ривожланишини ва бошқа барча ёндашувларни авантюра деб эълон қилди ва бу Сталиннинг умумий жамоалаштириш ва саноатлаштириш сиёсатига зид эди.
Бухарин – бошқарувчи ва журналист
Бухарин болшевиклар партиясининг энг билимдон вакилларидан бири деб ҳисобланган. У француз, инглиз ва немис тилларини яхши билар эди. Кундалик ҳаётда Бухарин самимий ва меҳмондўст, мулоқотда бўлишга тайёр инсон бўлган. Ҳамкасблари уни «Коля-балаболка» деб чақирган.1929-1932 йилларда у СССР Халқ хўжалиги Олий Кенгаши Президиумининг аъзоси, илмий-техник бўлим бошлиғи эди. 1932 йилдан эса СССР Оғир саноат халқ комиссарлиги ҳайъати аъзоси сифатида фаолият олиб борган. 1931-1936 йилларда у «Социалистик қайта қуриш ва фан» («СоРеНа») илмий-оммабоп журналининг ношири бўлиб ишлаган. 1929 йил 12 январда у СССР Фанлар академиясининг ижтимоий ва иқтисодий фанлар бўйича ҳақиқий аъзоси этиб сайланади.
Бухарин пролетариат диктатурасидан социалистик гуманизмга ўтиш имконияти назариясини илгари сурган, жамиятдаги инқилобнинг акси сифатида илм-фандаги инқилоб ҳақида фикр юритган.
1934 йил 26 февралдан 1937 йил 16 январгача у «Известия» газетасининг бош муҳаррири вазифасини бажарган. Бухариннинг номи ўша даврдаги зиёлиларнинг бир қисмининг бирлашган давлат сиёсатини такомиллаштириш умидлари билан боғлиқ эди. Бухарин Максим Горкий билан илиқ муносабатларда бўлган, Осип Манделстам ва Борис Пастернак ҳокимият билан зиддиятларда унинг ёрдамидан фойдаланганлар.
Репрессия ва қатл
1936 йилда Биринчи Москва судида Каменев, Зиновев ва бошқа айбланувчилар «ўнг блок» яратувчилари Бухарин, Риков ва Томскийга қарши кўрсатмалар берадилар. Бухарин Марказий Осиёда таътилда бўлганида унга қарши қўзғатилган иш ҳақида хабар топади. Суд жараёнидан сўнг, 1936 йил 1 сентябрда Бухарин Ворошиловга шундай деб ёзган эди: «Қотил Каменев одамларнинг энг жирканчи, итлар отилганидан жуда хурсандман». Аммо 1936 йил 10 сентябрда «Правда» тўсатдан СССР прокуратураси Бухарин ва Риковга қарши терговни тугатганлиги ҳақида хабар берди.1937 йил январда, Иккинчи Москва судида яна Бухаринга қарши «фитна фаолиятини олиб борганлик» айблови қўйилади. Матбуотда ва партия йиғилишларида Бухаринни фаол танқид ва таъқиб қилиш бошланади. 1937 йил февраль ойида Бухарин ўзига қўйилган айбловлардан норозилик белгиси сифатида очлик эълон қилади. Аммо Сталин унга «Сиз кимга ультиматум қўйяпсиз, Марказий қўмитагами?» дея мурожаат қилганидан сўнг Бухариннинг очлиги мажбуран тўхтатилади. 1937 йил февралда Марказий Қўмита пленумида у партиядан ўчирилади ва 27 февралда ҳибсга олинади.
У айбсизлигини таъкидлаб партияга очиқ хат ёзади. Бухариннинг аёлининг хотираларидан ёзиб олинган хат 1980 йилларда нашр қилинган.
Лубянкадаги қамоқхонадалиги даврида у «Фашизмда маданиятнинг таназзулга учраши», «Фалсафий арабескалар» китоблари, «Вақтлар» автобиографик романи устида ишлаган, шеърлар ёзган.
Бухарин Риков билан бирга «Советларга қарши троцкийчилар блоки» иши бўйича суд жараёнининг асосий айбланувчилардан бири эди. Деярли барча судланувчилар сингари у ҳам айбини тан олди ва қисман кўрсатма берди. Сўнгги сўзида у ўзига қўйилган айбловларни рад қилишга уринади.
1938 йилнинг 13 мартида СССР Олий судининг ҳарбий кенгаши Бухарини айбдор деб топади ва Анастас Микоян бошчилигидаги комиссия қарори асосида Бухарин ўлимга ҳукм қилинади. Авф этишиш тўғрисидаги даъво аризалари рад қилинади ва икки кундан кейин у Москва вилоятидаги Коммунарка полигонига олиб кетилади.
1937 йил 21 майда СССР Фанлар академиясининг умумий йиғилишида ҳақиқий аъзолар сафидан ўчирилган Бухарин 1938 йилнинг 15 мартида отиб ўлдирилади.
Дилбар Исматуллаева тайёрлади.
Изоҳ (0)