Ўзбекистон ОТМ талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Фото: «Дарё»

Лойиҳага кўра, эндиликда талабага оиласининг бетоб аъзоси (отаси, онаси, акаси, укаси, опаси, синглиси, турмуш ўртоғи)ни парвариш қилиш учун ҳам академик таътил берилиши мумкин бўлади.

Бунинг учун талаба талаба таълим муассасаси ректори номига ариза билан мурожаат қилади. Оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш учун академик таътил олмоқчи бўлган талаба тақдим этадиган аризасида оиласининг бетоб аъзоси доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси комиссиясининг хулосаси илова қилиши лозим.

Талабанинг аризасига мувофиқ ОТМ ректори (филиал директори) томонидан белгиланган камида 1 семестр муддатга академик таътил берилиши мумкин.

Талабага академик таътил берилиши уни олий таълим муассасасидан четлаштириш деб ҳисобланмайди. Академик таътил даврида талабага стипендиялар тўланмайди.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда талабаларига академик таътил бериш тартиби 2010 йил 4 сентябрь куни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган низом талаблари асосида амалга оширилади ва қуйидаги ҳолларда берилиши мумкин:

  • ҳарбий хизматни ўташ учун;
  • саломатлигини тиклаш учун;
  • ҳомиладорлик ва туғиш учун;
  • болаларни парвариш қилиш учун.

Ушбу қарор лойиҳаси муҳокамаси 5 мартга қадар давом этади.