Ижтимоий тармоқларда Фарғонадаги циркда арқон узилиб кетиши оқибатида дорбоз боши билан ерга тушгани ва вафот этгани ҳақидаги хабар тарқалди. ССВ матбуот хизмати унинг вафот этгани ҳақидаги хабарни рад этди.
Вазирликнинг маълум қилишича, ҳақиқатан ҳам шу йилнинг 23 февраль куни соат 19:25 га яқин дорбозлик билан шуғулланувчи Э. исмли фуқаро дордан йиқилиши натижасида жароҳатланиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига олиб келинган.
Марказ мутахассислари уни зудлик билан тиббий кўрикдан ўтказган. Беморга ўнг пешона ва бурун бўшлиғи суякларининг парчаланиб синиши, бош мия лат ейишининг оғир даражаси, бош мия ўнг ярим шари пешона бўлаги эпидурал гематомаси, субарохнаидал қон қуйилиши, пневмоцефалия, бош юмшоқ тўқималари лат ейиши ва тери ости гематомаси ташхиси қўйилган ва беморда зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
Марказ мутасаддиларининг маълум қилишича, беморнинг аҳволи барқарор бўлиб, ҳозирда нейрореанимация бўлимида малакали мутахассислар назоратида белгиланган стандартлар бўйича даво муолажаларини олмоқда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда сиам эгизаклари дунёга келгани тўғрисида хабарлар тарқалган, ССВ бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)