Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Беруний туман бўлими томонидан «Қорақалпоқагрокимёҳимоя» мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилди, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, текширув вақтида жамиятнинг Беруний тумани филиали мансабдорлари мавқейини суиистеъмол қилиб, «Марказий» минерал ўғитлар тарқатиш шохобчасига тегишли, ўзларига ишониб топширилган минерал ўғитларни ўзлаштириб юборгани аниқланган.
Натижада қиймати 872,4 миллион сўмлик 446,9 тонна минерал ўғитлар талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан аввал Андижонда 470 млн сўм кредит маблағини талон-торож қилган банк ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, Самарқанд вилоятидаги қурилиш-таъмирлаш ишларида 7 млрд сўм талон-торож қилингани ҳамда Бухорода ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилишда 254 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)