Ҳиндистондаги намойишлар фонида 250 га яқин ҳинд аккаунти 1 февраль куни блокланди, деб хабар берди Reuters. Аккаунтлар орасида The Cаravan India нашри, сиёсий шарҳловчи Санжукта Басу, шунингдек, деҳқонлар норозилигига алоқадор деб топилган Kisan Ekta Morcha вa Traktor2Twitr саҳифалари бор.
Блоклаш ҳукуматнинг расмий талабига биноан амалга оширилган. Ҳукумат саҳифаларни зўравонликка даъват этаётганида айблаган. Тақиқ тахминан 12 соат давом этган ва фақатгина ҳинд фойдаланувчиларга татбиқ этилган. Бошқа мамлакатларда саҳифалар блокланмаган.
Reuters’нинг Ҳиндистон ҳукуматидаги манбасига кўра, ҳукумат #modiplanningfarmersgenocide (Моди фермерларни қирғин қилишни режалаштирмоқда) хештегидан фойдаланган аккаунтларни блокировка қилишни буюрган.
Hindu Times’нинг таъкидлашича, блокировка Twitter вакиллари Ҳиндистон расмийлари билан учрашгандан сўнг амалга оширилган. Учрашув давомида ижтимоий тармоқ ходимлари блокировка қилиш платформа қоидаларига зид эканлигини тушунтирган.
Маълумот учун, Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида фермер ва деҳқонларнинг оммавий намойишлари ноябрь ойининг охирларидан бери бўлиб ўтмоқда. Улар янги қонун лойиҳасини бекор қилишни талаб қилмоқда. Қонунга кўра ер эгалари қишлоқ хўжалиги компаниялари билан мустақил равишда экинларни сотиш бўйича битимлар тузиши ва ўз маҳсулотларини мамлакатнинг исталган жойига сотишлари мумкин. Намойишчилар бу фермер хўжаликларини йирик корпорациялар томонидан тортиб олинишига олиб келади, деб ҳисобламоқда.
Ўн минглаб фермерлар 26 январь Республика кунида келишилган акцияда қатнашиш учун тракторлар, мотоцикллар, отлар билан пойтахтга келганларида норозилик намойишлари авж олди. Аммо кўп ўтмай намойишчилар дубинкалар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлар юзага келди.
CNN Нью-Деҳли чеккасида интернет блоклангани ҳақида хабар берди. Тўқнашувлар натижасида юздан ортиқ намойишчилар жароҳат олган, бир киши вафот этган, деб ёзади New York Times.
Ҳиндистон ҳукумати норозилик намойишларига қарамай ислоҳотни давом эттиришини айтди. Twitter қоидаларида компания талаб қилинган пайтда расмий буюртмаларни бажариши таъкидланган.
Аввалроқ Ҳиндистонда коронавируснинг тарқалиш суръатлари секинлашгани ҳамда ҳиндистонлик аёл паспортини йўқотиб қўйгани учун 18 йил Покистон қамоқхонасида ўтиргани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)