Янги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, иқлим ўзгариши океанлардаги сув сатҳининг илгари тахмин қилинганидан тезроқ кўтарилишига олиб келади. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Ocean Sciences журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, аввалги прогнозларда океан сатҳининг ушбу аср охирига қадар 1,1 метрдан ошиши кутилмаган эди. Бироқ Копенгаген университети ва Беьркнес номидаги Норвегия иқлим тадқиқотлари марказининг олимлари томонидан олиб борилган янги ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, Ер Цельсий бўйича атиги ярим даража исиганида, океанлар сатҳи ярим метрга кўтарилади, 2 даража қизиганида эса бир метрдан ошади. Аср охирларида Ердаги ҳарорат 4 градусдан ошиши кутилмоқда.
Сув сатҳи кўтарилишининг оқибатлари қирғоқларда ёки паст текисликларда яшовчи дунё аҳолисининг учдан икки қисмига таҳдид солади. Бундай фалокатни олдини олиш учун тадқиқот муаллифлари иссиқлик гази чиқиндиларини янада кескин камайтириш зарурлигини таъкидламоқда. Олимларнинг фикрига кўра, жаҳон иқтисодиёти углерод истеъмолини камида яна 200 миллиард тоннага камайтириши керак.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш иқлим ўзгариши оқибатида охирги 10 йил ичида бутун дунёда 410 мингдан зиёд аҳоли табиий офатлар қурбони бўлганини маълум қилган.
Бразилияда айрим тропик ўрмонлар карбонат ангидрид газини ютиш ўрнига ажратишни бошлаган. Гренландияда эса энг катта музлик бўлакларга бўлиниб кетган. Олимларнинг сўзларига кўра, бу муз бўлагининг ажралиши иқлим ўзгариши жуда тез юз бераётганидан дарак беради.