Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 1 февраль куни мамлакат вилоятлари ҳокимлари иштирокида амалий учрашув ўтказди, дея хабар қилмоқда «Хроника Туркменистана».
Вилоят раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаган давлат раҳбари пахта экиш учун ерни ўз вақтида шудгорлаш ва текислаш, қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш, пахтакорлар учун уруғларни тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Президент мўл ҳосил олиш ва аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашни яхшилаш учун эртаки картошка, пиёз ва бошқа сабзавотларни экиш чораларини кўриш тўғрисида кўрсатма берди.
Гурбангули Бердимуҳамедов ихтисослашган олимларга картошканинг хусусиятларини яхшилаш, унинг сифати, ҳосилдорлиги ва озуқавий қийматини ошириш соҳасида изланишлар олиб бориш тўғрисида буйруқ берди.
Бундан ташқари, ҳудуд раҳбарларига мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб қурилаётган иншоотларда ишларни ўз вақтида якунлаш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, ҳокимларга турар жой бинолари, мактаблар ва болалар боғчаларини иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш масалаларини қатъий назоратга олиш буюрилди.
Агросаноат мажмуаси учун алоҳида масъул бўлган бош вазир ўринбосари Эсенмират Оразгелдиевга қишлоқ хўжалиги техникасини мукаммал ҳолатда сақлаш, ерни шудгорлаш, пахта тозалаш корхоналарида хом ашёни юқори сифатли қайта ишлашни таъминлаш ва экиш мавсуми учун уруғлар тайёрлашга кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, давлат раҳбари мансабдор шахсга буғдойни корхоналарда сақлаш, юқори сифатли ун, нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни қатъий назорат қилишни буюрди.
Маълум қилинишича, 2020 йил февраль ойида Туркманистон COVID-19 нинг ўз ҳудудига кириб боришига қарши чоралардан бири сифатида Эрон билан чегарани ёпиб қўйгандан сўнг Туркманистон картошка етишмовчилигига ва унинг нархининг кескин ўсишига дуч келди. 2020 йил давомида Туркманистон Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларидан картошка сотиб олишни кўпайтирди.
Аввалроқ Бердимуҳамедов гўзаллик танловида ғолиб бўлган итлар учун бериладиган медал дизайнини маъқуллагани, хориждан келтирилган ҳарбий техникаларни эҳтиёт қилишни буюриб, вертолёт қулаши сабаб чегара хизмати бошлиғини ишдан бўшатгани ҳамда алабай итлари ва ахалтекин отларининг байрамини бирлаштириш ҳақида буйруқ бергани ҳақида хабар берилганди.