Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси Украинада рўйхатдан ўтказилмайди. Бу ҳақда Украина соғлиқни сақлаш вазири Максим Степанов маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс».

Фото: Getty Images

Унинг айтишича «қайсидир сиёсий куч Россия вакцинасини рўйхатдан ўтказиш масаласида қандайдир васваса келтириб чиқарган», аммо Киев «Спутник V»ни рўйхатдан ўтказмайди.

Вазир, шунингдек, сиёсатчиларнинг COVID-19’га қарши эмлаш кампаниясининг барбод бўлгани ҳақидаги гапларига қулоқ солмасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, Украинада эмлаш кампаниясининг биринчи босқичида қарийб 367,5 минг киши вакцина олади.

«Биринчи босқичда биз коронавирусга чалиниш ва касалликнинг ривожланиб кетиши хавфи юқори бўлган одамларни, шунингдек, COVID-19’га қарши курашда муҳим функцияларни бажараётганларни эмлаймиз. Биринчи босқич 367 491 кишининг вакцина олишини кўзда тутади», — деди у.

Степановнинг таъкидлашича, Украинада эмлаш учун «клиник синовларнинг барча босқичларидан ўтган ва учинчи босқич бўйича оралиқ маълумотлар тақдим этилган вакциналар ҳамда дунёда рўйхатга олинган вакциналар» қўлланилади.

«Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун» партияси сиёсий кенгаши раиси Виктор Медведчук аввалроқ «Биолек» фармацевтика компанияси 30 декабрь куни Украина Соғлиқни сақлаш вазирлигига ва ССВ Давлат эксперт марказига мурожаат қилиб, «Спутник V» вакцинасини давлат рўйхатидан ўтказишни сўраганини маълум қилганди.

5 январь куни «Биолек» Украина ССВга «Спутник V»ни рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризани 2020 йил 31 декабрда берганини тасдиқлади.

2020 йил декабри бошида Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди «Биолек» АЖ Украинада Россиянинг «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришга тайёрлигини маълум қилганди. Аммо «Биолек» компанияси ўшанда буни рад этганди.

Аввалроқ Россия вакцинаси Жазоир, Аргентина, Беларусь, Боливия, БААВенгрия, Сербия, Фаластин, Венесуэла, Парагвай, ПокистонТуркманистон ва Эронда тасдиқланган эди. Вакцина ишлаб чиқаришни молиялаштирадиган Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармасининг маълумотларига кўра, 30 дан ортиқ давлат Россия вакциналарига қизиқиш билдирган.

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакатда оммавий вакцинация февраль ойида бошланишини айтиб ўтган эди.