БМТ бош котиби Антониу Гутерриш коронавирус инфекциясига қарши эмланганини маълум қилди, деб хабар беради «РБК». Бу ҳақда у ўз Twitter’ида ёзди.
I was fortunate and grateful to get the first dose of my #COVID19 vaccine today.
— António Guterres (@antonioguterres) January 28, 2021
We must get to work to make sure the vaccine is available to everyone, everywhere.
With this pandemic, none of us are safe until all of us are safe.
✌ for #Vaccinated pic.twitter.com/OpCVJloY7W
«Бугун мен COVID-19’га қарши вакцинанинг биринчи дозасини олдим. Биз бутун дунёда одамларнинг вакцина олиш имкониятини таъминлаш устида ишлашимиз керак», — дея қайд этди у. Аммо айнан қайси компания вакцинасини олганига аниқлик киритмади.
2020 йил сентябрида Россия президенти Владимир Путин БМТ ходимларига Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан эмланишни таклиф қилган, дори бепул етказилишига ваъда берган эди. БМТ Путинга «сахий таклифи» учун миннатдорлик билдириб, уни ўрганиб кўришларини айтган эди.
Евроиттифоқда коронавирусга қарши эмлаш декабрь охирида бошланди. Айни пайтда у ерда регулятор томонидан маъқулланган иккита вакцина қўлланилмоқда. Булар Pfizer/BioNTech ва Moderna компаниялари томонидан ишлаб чиқилган вакциналардир.
Январь ўрталарида олтита Европа мамлакати Pfizer вакцинасини етказиб бериш билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилди. Компанияда етказиб бериш ҳажмларининг пасайишини ишлаб чиқаришнинг қайта ташкил қилиниши билан изоҳлашди. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Евроиттифоқ Pfizer билан келишилган вакцина партияларининг барчасини март охиригача қабул қилиб олишини айтди.
Изоҳ (0)