CNBC телеканали Alibaba асосчиси миллиардер Жек Ма ўзининг Ханчжоуда жойлашган штаб-квартирасида қасддан яширинганлиги ҳақида хабар берганидан кейин компания акциялари нархи 5 фоизга кўтарилди. Бу ҳақда Forbes хабар бермоқда.

Фото: Twitter / AlibabaGroup

Alibaba асосчиси ғойиб бўлмагани, балки компаниянинг Ханчжоудаги штаб-квартирасида экани ҳақида CNBC телеканали бошловчиси Дэвид Фабер маълум қилган.

«У катта эҳтимол билан Alibaba штаб-квартираси жойлашган Ханчжоуда экани ва атайин яширинганини айтишим мумкин. Лекин бу унинг йўқолганни англатмайди», — деган Фабер.

4 январь куни Жек Ма икки ойдан бери жамоатчилик олдида кўриниш бермагани ва ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида қатнашиши керак бўлган бизнес-телекўрсатувда тўсатдан иштирок этмай, ўрнига бошқа одам тайинланиши ҳақидаги хабарлар фонида Alibaba бозор капитализациясида 3 фоиз улушини йўқотди.

Жек Манинг Alibaba ва Ant Group компаниялари октябрь ойида Хитойнинг молиявий тартибга солиш тизимини танқид қилганидан бир неча ҳафта ўтгач, ҳукумат босими остида қолди. Шанхайда бўлиб ўтган конференцияда Ма халқаро қоидалар «кексалар клуби» ва «келажакни тартибга солишнинг кечаги усуллари» эканини таъкидлаган.

Унинг фикрича, дунёдаги кўплаб муаммолар ривожланиш эмас, фақат хавфнинг олдини олиш муҳокама қилингани учун пайдо бўлади, ёш авлод ва ривожланаётган давлат ҳақида эса ўйланмайди.

Шундан сўнг Alibaba шўъба корхонасининг режалаштирилган IPO’си бекор қилинди. Компанияга нисбатан эса антимонопол текшируви қўзғатилди.

Собиқ инглиз тили ўқитувчиси Жек Ма 1999 йили Alibaba’га асос солган ва 2019 йилда компания раҳбарлигидан кетган. У ҳозирда капитализацияси 645 миллиард долларга тенг Хитойдаги энг йирик иккинчи компания. Яқин кунларгача Ма Хитойнинг энг бадавлат инсони эди, бироқ сўнгги икки ой ичида Alibaba акциялари нархининг тушиб кетиши унинг бойлигини 11 миллиард долларга камайишига сабабчи бўлди.