Time журнали ўз тарихида биринчи марта «Йил боласи»ни танлаб олди. Бу йўналиш экофаол Грета Тунберг шарофати билан юзага келган: у 2019 йилда журнал томонидан «Йил одами» дея эътироф этилган биринчи ўсмирга айланган эди. Time унинг тенгдошлари ва ундан кичик бўлганлар учун атайлаб янги йўналишни жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.

Фото: TJournal

Time талқини бўйича илк «Йил боласи» Гитанжали Рао исмли 15 ёшли колорадолик қиз бўлди. Қизча кибербуллинг (интернет орқали камситишлар)га қарши кураш учун сунъий ақлни тадқиқ қилмоқда ҳамда ичимлик сувининг ифлосланганлигини аниқловчи сенсорларни яратиш устида ишламоқда. Хусусан, у Kindly сервисини ишлаб чиққан бўлиб, у интернетда ҳақоратларни таниб олади ва бундай хабарни жўнатиш-жўнатмаслик ҳақида ўйлаб кўриш имконини беради.

«Дунё уни шакллантирувчи одамларга тегишли… Ёшлар бугунги кунда катта таъсирга эга ва улар бу таъсирдан ўз тасаввурларига мос келадиган дунёни шакллантиришда фойдаланмоқда», — деб ёзади Time.

Ғолибни аниқлаш учун Time ва Nickelodeon канали журналистлари саккиздан 16 ёшгача бўлган 5 мингдан ортиқ номзодларнинг маълумотларини ўрганиб чиқди ва беш нафар даъвогарни саралаб олди. Уларнинг барчасига Nickelodeon’га эгалик қилувчи Viacom компаниясидан пул мукофоти тақдим этилади.

2019 йилда Раони Forbes журнали ўзининг «Илм-фан» йўналишидаги «30 гача бўлган 30 нафар» рўйхатига киритган. 2020 йилда эса Time уни «дунёни ўзгартираётган ёш ихтирочи»лардан бири деб эътироф этган. 2017 йилда қиз АҚШнинг энг яхши ёш олими эътирофига сазовор бўлган эди.

«Буларнинг барчаси тез орада бизнинг авлод қўлига ўтади… Менинг мақсадим нафақат дунё муаммоларини ҳал қилиш учун ўз қурилмаларимни яратиш, балки бошқаларни ҳам худди шу ишни қилишга илҳомлантиришдан иборат. Чунки ўз тажрибамдан келиб чиқиб, бирорта ҳам ўзингга ўхшаган одамни кўрмаслик қанчалик қийин эканлигини биламан. Айтмоқчиманки, агар мен нимадир қила олсам, демак сиз ҳам шуни қила оласиз, ҳар қандай одам қила олади», — деди Рао Time’га берган интервьюсида.