Озарбайжон Мудофаа вазирлиги биринчи марта Тоғли Қорабоғдаги урушда юзага келган ҳарбий йўқотишлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: «Вести»

Вазирлик маълумотларига кўра, жанговар ҳаракатлар давомида 2783 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Яна 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Госпиталларда 1245 нафар ҳарбий даволанмоқда.

Арманистон Мудофаа вазирлиги 17 ноябрь куни, ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан бир ҳафта ўтгач уруш давомида 2425 нафар арманистонлик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган.

Уруш бошланганидан кейин ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган, бироқ иккала томон ҳам уларнинг сонига аниқлик киритмаган.

Тоғли Қорабоғдаги низо Россия воситачилигида тайёрланган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув имзоланиши билан якунланди. Ғалаба Озарбайжонга насиб этди — у аввал тан олинмаган Тоғли Қорабоғ назорати остида бўлган ҳудудларнинг қарийб ярмини қўлга киритди.