Иккинчи Қорабоғ урушида Туркия Озарбайжонга катта ёрдам кўрсатгани ҳақидаги маълумот жаҳон медиасида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Бу маълумот қай даражада ҳақиқатга яқин бўлишидан қатъи назар, охирги йилларда Туркия фаол ташқи сиёсат юритаётгани, турли мамлакатлар билан яқин алоқалар ўрнатаётгани ва, аксинча, баъзи давлатлар билан ихтилофга кираётгани жаҳон диққат марказида бўлиб турибди. Туркия бой ва қудратли давлат сифатида Яқин Шарқ минтақасида лидерликка даъво қилмоқда. У бир томондан баъзи давлатларга молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсаца, бошқа томондан лидерликка даъвогар баъзи давлатлар билан рақобатлашмоқда.

Туркиянинг ташқи сиёсати қандай марраларни забт этишга қаратилган? Унинг мақсадлари қандай? Туркия капитали қайси минтақаларга кириб боради? Бу каби саволларга жавоб топиш учун Яқин Шарқ бўйича эксперт, россиялик сиёсатшунос Михаил Магид билан суҳбатлашдик.

Фото: Михаил Магид

— Эрдўғон Усмонли салтанатини тиклашни орзу қилаётгани ва асосан Яқин Шарқда фаоллик кўрсатаётгани ростми? Унинг учун Ўрта Осиё унчалик қизиқмасми?

— Сўнгги ўн йилликда Туркия иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан жиддий юксалди (Туркия армияси куч-қудрати бўйича НАТОнинг иккинчи армияси саналади). Энди у Яқин Шарқ борасида иккинчи даражали мақомда бўлишни истамайди. Ўз куч-қудратини ҳис қилиб кўрди.

Лекин Эрдўғонни барча туркий тилли ҳудудлар қизиқтиради. Экспансия масаласида Туркия ўта фаол. У ҳатто Эрдўғондан кейин ҳам шундай қолиши мумкин. Хоссатан, Эрон ва Туркияда Ислом дини таъсири сусаяётгани сабабидан шундай бўлиши мумкин. Бунинг ўрнига эса тезкорлик билан, мос равишда форс ва турк миллатчилиги келади.

— Авваллари Эрдўғон «исломчи» бўлса керак деб ўйланарди. Ўзбекистонда айрим «туркчи» фаоллар Эрдўғонни ёқтирмайди. Уни Отатурк сиёсатига ва туркийларнинг интеграциясига қарши деб ҳисоблашади. Исломий блогерлар эса, аксинча, уни яхши кўради. Уни Ислом динининг «адвокати» деб қабул қилади. Демак, реал воқелик бундан бошқачароқми?

— Ҳа, бошқачароқ. Эрдўғоннинг электоратидаги исломий базис ювилиб кетмоқда. У Миллий ҳаракат партиясидан бўлган ултрамиллатчилар билан иттифоқ шаклида мамлакатни бошқармоқда. Бунинг сабабларидан бири сиёсий Ислом тарафдорларининг овози камайгани ҳамдир. Ҳозир Туркия сиёсати ташқи экспансияга асосланган; у турли унсурларни ўз ичига олади. Бу яхлит исломий ғоялар эмас, балки турли элементлардан ташкил топган мураккаб ва керак тарафга ўзгара оладиган ғоялар тизимидир.

Фото: Иран Review

У сунний мазҳабига оид исломийлик, пантуркизм, туркий миллатчилик ҳамда нео-усмончилик сингари ғояларни ўз ичига олади. Барчаси экспансияга қаратилган ва унсурларнинг ҳар бири ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатга нисбатан ҳаракатга солинган. Туркиядаги режим ушбу мураккаб структурага таянган ҳолда турли ғоявий оқимлар ва сиёсатчиларнинг, турли ҳудуд ва халқларнинг тилини топишга уриняпти.

Уларнинг баъзилари билан сиёсий Ислом тилида ва яна баъзилари билан пантуркизм тилида тиллашилмоқда. Бундай ғоявий тарғибот моделидаги Эрдўғон бутун дунё мусулмонларининг, жумладан, Франция ва Кашмирдаги мусулмонларнинг ҳам ҳимоячиси ҳамда туркий бирдамлик раҳнамоси ва Туркиянинг миллий манфаатлари ҳимоячисидир. Бу мозаика бўлиб, ҳар бир ҳолат учун унинг у ёки бу бўлагидан фойдаланилади. Экспансияга йўналтирилган ушбу зиддиятли, лекин амалда иш берадиган структура Туркиянинг Ливиядан тортиб Тоғли Қорабоғгача бўлган ҳудудлардаги ҳарбий амалиётларини ғоявий жиҳатдан тўлдириб берди.

Унинг асосида Agile режалаштириш деб номланадиган, эпчиллик ёки уддабуронлик билан режалаштириладиган деган маънони берадиган мулоҳаза структураси ётади. Бу юқори технологиялар оламидан ўзлаштирилган ғоя бўлиб, унда экспансия учун умумий йўналишдан бошқа аниқ режанинг ўзи йўқ, чунки унда ҳар бир янги кашфиёт воқеликни ўта кучли ўзгартириб юборади ва ҳамма нарсани ҳам аввалдан режалаштиришнинг имкони бўлмайди. Бу хоҳ Ливия, хоҳ Озарбайжон бўлсин – муайян йўналишдаги ҳар бир ҳужумдан кейин Яқин Шарқ ва жаҳондаги вазият ўзгаради.

Шу сабабли ҳам пухта ўйланган йирик режага эҳтиёж йўқ деб қаралади. Ҳар бир навбатдаги қадамдан кейин улар маълум муддатга тўхтайди ва кейин юзага келган реал ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда яна янги ҳужумни режалаштиради. Ҳар бир ҳолатда у ёки бу ҳудуд учун исломийлик ёки туркчиликдан келиб чиққан ҳолда «калит» топишга уринилади.

Албатта, бу кўп жиҳатдан демагогиядир, лекин ҳозирча иш беряпти. Туркиянинг навбатдаги зарба йўналиши қаер бўлишини ҳеч ким олдиндан билмайди, чунки уни Туркия раҳбариятининг ўзи ҳам аввалдан билмайди.

— Яъни Эрдўғон учун Туркия муваффақиятли бизнес-лойиҳами?

— Қисман ҳа. Лекин ёддан чиқармаслик жоизки, турк экспансияси учун қатор сабаб омиллари комплекси мавжуд ва бу нарса Эрдўғон учун ҳокимиятни тутиб туриш учун ҳам керак. Бу вазият бир неча ўлчамга эга. Тарихий жараёнга кўп қиррали воқелик сифатида қараш керак. Бундай қараш доирасида бир-бирини тўлдирувчи бир неча омил мавжуд.

Биринчиси – иқтисодий инқироз. У пандемиядан аввалроқ бошланган эди, лекин пандемия туфайли баттарлашди. У структуравий иқтисодий қийинчиликлар билан боғлиқ. Худди Республикачилар партиясидан бўлган рақиблари, яъни Анқара ва Истанбул ҳокимлари сингари Эрдўғон ҳам ўз нуфузини ҳозиргача сақлаб қолаётган бўлса, бунинг сабаби туркларнинг ташқи экспансияси мамлакат ичкарисида маъқулланаётгани билан боғлиқдир. Бу телевизор ва музлатгич урушидир.

Фото: Ал-Монитор

Ташқи хуружлар воситасида Эрдўғон қуйи ижтимоий қатламлар ва бизнеснинг бир қисми орасидаги норозиликларни компенсацияламоқда. Унинг хориждаги ҳарбий амалиётлари маъқулланяпти. Масалан, Туркиянинг Ливиядаги ҳарбий ҳаракатларини туркларнинг 60 фоиз қисми қўллаб-қувватлаган бўлса, Суриядаги курдларга қарши ҳарбий амалиётларини 70 фоиз аҳоли маъқуллаган эди.

Эрдўғоннинг нуфузини ошириш ва ижтимоий норозиликларни компенсация қилиш усули сифатидаги бундай стратегиянинг танланиши Туркияда кузатилаётган яна бир фундаментал жараён – исломийликнинг сусайиши ва юзага келаётган чуқур демографик ўзгариш билан ҳам боғлиқ. Мегаполисларда катта бўлган ёш авлод унчалик диндор эмас ва тобора миллатчироқ бўлиб боряпти. Уларнинг кўпчилиги ташқи экспансияни ёқлайди.

2015 йилда Эрдўғон парламентдаги кўпчилик ўринни йўқотишига, шу жумладан, исломий базани ювиб ташлагани ҳам сабаб бўлди. У Миллий ҳаракат партиясидаги ултрамиллатчилар билан коалиция тузишига тўғри келди. Бу эса унинг сиёсатига таъсир кўрсатди ва унда турк миллатчилиги яққолроқ намоён бўла бошлади.

Кейинги омил – армия. 2016 йилда ҳарбий тўнтаришга уриниш содир бўлди. Умуман, Туркияда армия тарихан катта аҳамият касб этиб келган. Эрдўғон эса буни қандай ўзгартириш йўлини ўйлаб топди. У армияни ташқи экспансияга йўллади.

Энди казармада ўтиришдан ёки, гап генераллар ҳақида бўлса, ўз вилласида ўтириб, бекорчиликдан фитналар тўқишдан кўра армия Ливияда, Сурияда, Ироқ шимолида ва Озарбайжонда – жами тўрт йўналишда кураш олиб бормоқда. Бешинчиси – турк ҳарбий денгиз кучлари ва ҳарбий ҳаво кучлари Шарқий Ўрта Ер денгизидаги газ ресурслари учун Юнонистон билан зиддиятларда иштирок этяпти (лекин у ерда ҳали ҳеч ким ўт очгани йўқ).

Зобитлар бу ишларга шўнғиб кетди. Ёш ҳарбийлар муваффақиятли карьера қиляпти. Армияга ёғилаётган молиявий ресурслар мавжуд. Ҳарбий корхоналар одатда генералларнинг қариндошлари томонидан бошқарилади ва уларга ҳам давлат молиялаштирилиши билан тилла ёмғири ёғмоқда. Туркия қудратли ҳарбий саноат комплексини барпо этди ва эндиликда ҳарбий техниканинг 80 фоизгача бўлган қисмини ўзи учун ўзи ишлаб чиқармоқда.

Армиянинг кўнгли тўқ, у фуқаролик соҳалари билан ҳамкорлик қиляпти ва ҳозирда тўнтаришларга вақти йўқ, уни ҳамма нарса қаноатлантирмоқда. Эрдўғон ҳукумати эса армияни кузатиб турибди ва баъзан «Мовий ватан» турк ҳарбий-денгиз доктринаси муаллифи бўлган Жиҳод Ёйчи сингари ўта фаол ва кўзга ташланувчан генералларни истеъфога чиқармоқда. НАТОнинг қудрат жиҳатдан иккинчи армияси бўлгани сабабли экспансия анчайин муваффақиятли боряпти.

Фото: Anadolu

Ниҳоят, турк экспансиясига Туркиянинг иқтисодий ва ҳарбий саноат қудратининг ортиши маҳсули сифатида қараш мумкин. Сўнгги ўн йилликда амалга оширилган иқтисодий модернизация эвазига Туркия кескин кучайди. Бу эса давлат ва бизнес элитасидагиларни ташқарида ҳам турк таъсирини оширишга ундамоқда. «Имконият бор экан, нега ҳаракат қилмаслик керак?», қабилида ўйламоқда улар.

— Демак, Эрдўғон биздаги диний қатлам тасаввур қилаётганидек аҳолини исломлаштирмаяпти, балки моҳиятан аҳолининг кайфиятига мослашмоқда холос, шундайми?

— Бу ҳолатга диалектик нуқтаи назардан қараш керак. Эрдўғон маълум маънода мамлакатни аста-секин исломийлаштирди. У мактабларга сунний мазҳаби курсларини киритди, университетлардаги диний таълимни ривожлантирмоқда, аёллар рўмол ўрашига имкон берди. Бошқа тарафдан, исломий оқимлар сусаяётгани ва аҳолининг қишлоқлардан катта мегаполисларга кўчиб ўтиши асносида анъанавий исломий базанинг кучсизланиб бораётганини кўргач Эрдўғон борган сари миллатчилик ва ҳарбий экспансияга кўпроқ аҳамият қаратмоқда. Лекин яна такрорлайман, бу – мозаикали, осон ўзгарувчан идеология бўлиб, исломийлик, турк миллатчилиги ва нео-усмонийлик йўналишларини синтез қилган.

Бундан ташқари, турк миллатчилигининг кўлами жуда кенг. У Ислом таъсирини сусайтирган тарзда ўзи янада кучаймоқда. Эрдўғоннинг рақиблари ёки ундан кейин келадиган издошлари бўлмиш ўз партиядошлари ҳам (масалан, Сулаймон Сўйли) ва партиядан ташқаридагилар (масалан, миллий-республикачи, Анқара ҳокими Мансур Ёвош) ҳам ўта миллатчи шахслардир.

Мухолифатдаги Миллий-либерал партия етакчиси Мерал Ақшенер ҳам турк миллатчиси бўлиб, уларнинг барчаси Эрдўғон юритаётган миллатчиликка асосланган кун тартибини илиб олишга интилади. Бу эса Эрдўғон кетганидан кейин ҳам Туркия фаол ташқи сиёсатни сақлаб қолиши эҳтимолини билдиради. Бундан ташқари, бундай сиёсатни армия ва ҳарбий саноат комплекси ҳамда йирик бизнес ва муҳим давлат институтларидан иборат бир неча молиявий гуруҳ кучли қўллаб-қувватлайди.

— Нега кўпчилик ёрдамга Европани эмас, айнан Туркияни чақиради? Нега Европадан ёрдам олиш бу қадар қийин? Туркия, Россия каби давлатлар тезда ёрдамга келиб, Европанинг таъсир зоналарини олиб қўяётганини наҳотки Брюссель пайқамаётган бўлса?

— Европани ҳам чақиришади. Масала бошқа ёқда: Европа кимнидир ҳақиқатан ҳам ҳимоя қила оладими?

Фото: Daily Sabah

Мана, Европа ҳозир Арманистонни ҳимоя қилмади. Аввалроқ Украинани ҳам ҳимоя қилмаганди. Ундан ҳам аввал, 2008 йилда Грузияни ҳам ҳимоя қилмаган. Бу мамлакатлар Европанинг кўмак кўрсатишига умид қилганди. Европа инвестиция ва технологиялари билан қизиқроқ. Лекин турклар ҳақиқий маънодаги ҳимоя қалқонини беради.

Ҳозир Озарбайжон улар билан бирга ғалаба қилди. Шунингдек, Туркия ва Украинадан иборат стратегик альянс шаклланмоқда. Ўйлашимча, вақти келиб Грузия ҳам унга қўшилади. Албатта, бу нарса мамлакатнинг кўп векторли сиёсатидан иборат бўлади ва у жаҳоннинг турли қудратли давлатлари билан ҳамкорликка қаратилган бўлади. Лекин барибир энди Туркия Озарбайжон, Украина ва келажакда, эҳтимол, Грузиянинг ҳам ташқи сиёсатида борган сари муҳим аҳамият эгаллаб боради.

Европа: «Биз чуқур ташвишдамиз...» дейди, турклар эса «Хотиржам бўлинг, биз муаммони тушундик. Ҳозир Bayraktar’ларни кўтарамиз, арман армиясини йўқ деб ҳисоблайверинг, у ҳақда унутинг», дейди. Албатта, бунинг барчаси шунчаки қилиб берилмайди, бунинг эвазига ҳарбий кооперация, турк қўшинларининг жойлаштирилиши, иқтисодий иттифоқ ва ҳоказолар талаб этилади.

— Эрдўғон учун бундай сиёсат қанчалик муваффақиятли?

— Эрдўғон сиёсатида учта жиддий муаммо мавжуд.

Биринчидан, ташқи кучларга тўхталадиган бўлсак, бундай сиёсат туфайли Туркияга душманлик кайфиятидагиларнинг кучли альянси юзага келди. Туркиянинг Ливиядаги газ конлари учун кураш қизиган Шарқий Ўрта Ер денгизидаги экспансиясига қарши Юнонистон, Франция, Миср, БАА ва маълум маънода Саудия бирлашяпти. Исроил ва Россия ҳам ўзига хос сабаблари билан эндиликда Туркиянинг ташқи экспансия кўламидан хавотирга тушиб қолди ва борган сари аксилтурк позициясини намоён қилган ҳолда туркларга қарши альянс билан янада яқинроқ бўлишга ҳаракат қиляпти. Бу Туркия қаршисига кўп сонли тўсиқларни қўяди ва кенг миқёсли ҳарбий можаролар хатарини юзага келтиради.

Иккинчидан, Туркиянинг ичкарисида ҳам Эрдўғоннинг ўзи ва унинг кейинги издошлари учун катта муаммо мавжуд. Бу муаммони бир сўз билан ифодаласа бўлади – курдлар. Гап шундаки, Туркиядаги курдлар сони 10 миллиондан 20 миллионгача бўлиб, аҳолининг чорак қисмини ташкил қилади. Энг асосийси, уларнинг сони ортиб бормоқда. Курдлардаги ўртача туғилиш даражаси туркларникидан 60 фоизгача баланд. Аҳвол шундай давом этса, бир неча ўн йилликдан кейин Туркия Курдистонга айланади.

Курдларнинг мактабларда курд тилида дарс берилиши ва маҳаллий мухториятлар ташкил қилиниши сингари ҳақ-ҳуқуқлари турк ҳукуматидаги кучли миллатчилик томонидан поймол қилиниши (курд сиёсатчилари, ҳокимлари ва фаолларининг оммавий ҳибсга олиниши) кетидан Туркия даҳшатли фуқаролар уруши комига тушиб қолиши мумкин ва унинг айрим элементларини биз ҳозирданоқ кўриб турибмиз (Курдистон ишчи партияси партизанлари доимий равишда Туркия ичкарисида амалиётлар ўтказиб турибди). Бу ҳолда Туркиянинг бошига ҳам Суриянинг куни тушиши мумкин.

Фото: Anadolu

Ниҳоят, турк ташқи экспансияси жуда қимматга тушадиган жараёндир. Ўзи замонавий урушлар жуда қиммат туради. Гап фақат урушга кетадиган молиявий харажатда ҳам эмас. Туркиянинг Европа билан зиддиятлари аллақачон чеклов ва санкцияларга сабаб бўлди. Биламизки, Туркия иқтисодиёти Европа бозори инвесторларига жиддий боғлиқдир. Бундай ташқи сиёсат Туркия иқтисодиётини издан чиқариши ва қуйи ижтимоий қатламлардаги ишчиларнинг кучли ижтимоий-синфий норозиликларини келтириб чиқариши мумкин. Туркия саноатлаштириш даврида етилиб чиққан анчайин фаол ва ҳаракатчан ишчилар синфига эга мамлакатдир ва бу қатлам вақти-вақти билан тишларини қайраб туради. Буни ҳам ёддан чиқармаслик керак.

Шу тариқа, Туркиянинг фаол экспансияси Туркиядаги режим учун хавфли жиҳатларга ҳам эга бўлиб, бу у учун қимматга тушиши мумкин.

Асанов Эльдар суҳбатлашди.