Блогер Roma Urraco 1985 йилда ишлаб чиқарилган бўлса-да, ҳозирга қадар идеал ҳолатда сақланган «ВАЗ-2106»нинг видеоси билан бўлишди, деб хабар беради «Quto.ru».

Кадр: YouTube

Видеодан кўриш мумкинки, автомобиль идеал ҳолатда сақланган — унинг эгаси машинага жуда эътибор билан қараган. Машина 35 йилдан буён 6219 километр йўл босган бўлиб, «умри»нинг асосий қисмини гаражда ўтказган.

Автомобиль салони ҳам ажойиб ҳолда сақланган, заводдан чиққан қора ўриндиқлари сунъий чармли жигарранг мато билан қопланган. Двигатели эса ўзиники — 64 от кучига эга 1,3 литрли бензин мотор.

Бундан ташқари «вақт капсуласи» юкхонасидан автомобиль конвейрдан чиққанидан бери сақланган қизиқарли буюмлар топилган. Масалан, ролик муаллифи анжомлар жамланмаси, техник хизмат кўрсатилгани бўйича оригинал ҳужжатларни намойиш этган.

Аввалроқ деярли йўл юрмаган, идеал ҳолатдаги «Москвич», шунингдек, 38 ёшли «Копейка» янги Lada Vesta Sport нархида сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.