Ўзбекистонда 89 та муассасада 17 500 та ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган бўлиб, ҳозирда ушбу ўринларда 6 570 нафар бемор даволанмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Расмий ахборотда COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган койка-ўринларда даволанаётган бу 6 570 беморнинг бари коронавирус инфекциясини юқтириб олганми ёки йўқ, бунга алоҳида аниқлик киритилмаган, лекин ахборотнинг ўзи коронавирусга қарши кураш мавзусида эди.

Ўзбекистонда коронавирус статистикани юритишга масъул Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) маълумотларига кўра, мамлакатда 17 ноябрь соат 19:00 ҳолатига кўра коронавирусга чалинган 2 123 нафар беморга «шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда».

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни видеоселектор йиғилиши ўтказгани, унда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар учун ажратилган койкаларнинг 62 фоизи бўш ётгани, бунга сарфланаётган «улкан маблағлар бекор» кетмаслиги учун харажатларни оптимизация қилиш ҳақида топшириқ берилгани маълум бўлганди.

Қайд этиш жоиз, октябрь ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар статистикаси 10 баробар камайтириб кўрсатилгани, «ҳамма вилоятларда ҳам шу аҳвол» эканини таъкидлаган эди. Кейинроқ Бурҳоновнинг ушбу баёноти шов-шувга айлангач, агентликнинг ўзи изоҳ берган, ССВ эса раддия бериб, коронавирус статистикасига оид маълумотларни яшириш ёки бузиб кўрсатишдан манфаатдор эмаслигини навбатдаги марта маълум қилган эди.

Шунга қарамай, ССВ томонидан юритилаётган коронавирус статистикасига саволлар кўп; вазирлик 22 сентябрдан бошлаб коронавирусдан вафот этганларга доир қўшимча маълумотларни беришни тўхтатган ва бунинг сабабларини очиқламаган. Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони ССВ статистикасидаги рақамлардагидан кўпроқ бўлиши мумкинлигини вазирлик ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штабининг бир неча аъзоси тан олган.