АҚШнинг 45-президенти Дональд Трампнинг муддати якунига етмоқда. У сайловларда мағлубиятга учрагач, 2021 йилнинг 20 январь куни Оқ уйни тарк этиши керак, унинг администрацияси эса ишларни Жо Байден жамоасига топширади. Бироқ Трамп ва унинг атрофидаги барча сайловлар натижасини тан олишдан бош тортмоқда ва улар ютқазган бир нечта штатлардаги овозларнинг қайта саналишини талаб қиляпти. Вақтни чўзишга уриниш, Трампга нисбатан бир нечта даъво аризалари хавф туғдираётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. У расман президентликдан кетиши ва иммунитетини йўқотиши билан ушбу даъволар зудлик билан фаоллашади. Трамп эндиликда нима билан шуғулланади? Ўзи ёқтирмаган Вашингтондан Флоридадаги уйига кўчиб кетадими? Meduza шу каби саволлар жавоб берди.
Трампнинг ўзи, умуман, кетиш ниятидами?
Дональд Трамп президентлик сайловларини ютқазди, бироқ ҳалигача у натижаларини тан олгани йўқ, ҳокимиятни топшириш жараёни борасида-ку гап бўлиши мумкин эмас. У ҳар куни овозлар ўзининг демократ-рақиблари фойдасига сохталаштирилганига оид айбловли твитларни ёзмоқда, унинг штаби эса Жо Байденга ютқизган штатларида овозларни қайта санаш бўйича янгидан янги даъволар киритилаётганини эълон қиляпти.Бироқ ҳозирча Трампнинг юристлари овозларни оммавий сохталаштириш бўйича далиллар ёки гувоҳларни келтира олгани йўқ. Пенсильванияда улар овозларнинг ҳисоб-китобида почта орқали келган бюллетенларнинг қонунийлиги устидан шикоят қилишга уринди: судьянинг «даъводаги айблов кимнидир сайловларда фирибгарликни амалга оширганини назарда тутадими» деган тўғридан-тўғри саволига Трампнинг юристи салбий жавоб қайтарган. Даъвода 600 га яқин бюллетен тилга олинган. Пенсильванияда Трамп Жо Байдендан 50 мингдан ортиқ овоз бўйича ортда қолмоқда. Сайлов комиссияси вакиллари — ҳам демократлар, ҳам республикачилар — The New York Times’га ўз штатларида кенг кўламли сохталаштиришга оид ҳеч қандай изларни топмаганини маълум қилган. Ҳозирча фақат Жоржия овозларни қайта саналишини расман эълон қилди, бу штатнинг сайлов комиссияси сайловдаги овозларни оммавий сохталаштиришганини гумон қилгани учун эмас, балки номзодлар орасидаги овозлар фарқининг камлиги сабаб — Байден 14 минг кўпроқ овоз тўплаган.
Шундай экан, кўплаб суд жараёнлари ҳозирча вақтни чўзишга уринишдан кўринмоқда: Дональд Трамп эртами, кеч мағлубиятини тан олишга ва Жо Байденни ғалаба билан табриклашга мажбур бўлади ва ниҳоят сайланган президент администрациясига ҳокимиятни топширади. Ҳозирча давлат котиби Майкл Помпео 10 ноябрь куни ҳазиллашибми ёки жиддий айтишича, ҳокимиятни Трампнинг биринчи администрациясидан иккинчисига топширилиш жараёни силлиқ ўтади.
Кетаётган администрациядан президент ваколатларини топшириш одатда умуммиллий сайловлар натижаси эълон қилинганидан сўнг дарҳол сайловчилар коллегиясининг январь ойидаги овоз бериш жараёнларини расман тасдиқлайдиган Конгресснинг янги чақириғидан олдин амалга оширилади. Ҳукуматнинг транзит жараёнига минглаб одамлар жалб этилган: ўнлаб бошқарма ва департаментларга тайинланган раҳбарлар ўз ўрнига келаётганларга ишларни топширади, жойида қолаётган карьерали амалдорлар янги келганларга Оқ уй бўйича маълумотлар беради. Янги келганларнинг барчаси инфратузилма ва логистика билан таъминланади — кабинетлар ва хизмат автомобилларидан тортиб, канстоварлар ва компьютерларгача.
Бу билан алоҳида федерал агентлик, Умумий хизматлар администрацияси — General Services Administration (GSA) шуғулланади. Ҳукуматнинг мазкур ижро органи, мустақил федерал агентлик ҳисобланади, бироқ Трамп камида унга ўзи маъқул келган амалдорни раҳбар этиб тайинлаши мумкин.
Шундай бўлган ҳам: Трамп томонидан Эмили Мёрфининг GSА директори этиб тайинланиши — бир неча ой ичида АҚШдаги энг қудратли шахслардан бирига айлантирган — бир президентнинг бошқаси ва унинг жамоаси билан алмашишидаги бутун бюрократик машина ишга тушмайдиган расмий процедурани ҳамон амалга оширмаган. Мёрфи Байденнинг жамоасига федерал ҳукумат ресурслари — степлерлардан тортиб, .gov ҳукумат доменидаги ишчи электрон почталар, миллий хавфсизлик масалаларига доир брифинглардан расман фойдаланиш ҳуқуқини расман берадиган ҳужжатни имзолаши керак. Агентлик раҳбари президентлик сайловларида «аниқ-равшан ғолиб»ни табриклагани ёзилган хат бўлиб, шундан сўнг ғолиб жамоа ўз эҳтиёжлари учун федерал бюджетдан фойдаланиш имконига эга бўлади. Мёрфи эса ҳалигача мазкур хатни ёзгани йўқ. У ҳозирга қадар шунчаки майда расмиятчилик бўлиб келган, 2020 йилда эса у Байден жамоаси учун кутилмаган бюрократик деворга айланган.
Мавзуга доир:
Трамп қамалиши мумкинми ёки у ўзини ўзи афв эта оладими?
Трамп ўзига хос президентлик бингосини йиғишга муваффақ бўлган: у дастлабки сайловларда ютқазди, умуммиллий овоз бериш жараёнларида икки маротаба рақибидан камроқ овоз тўплади ва импичмент берилиши мумкин эди. Бу каби «ишларни» алоҳида-алоҳида айрим президентлар уддалаган, бироқ бирданига учта пункт — фақат Трампга насиб этди. У импичментдан қутулишга муваффақ бўлган бўлса-да — республикачиларнинг Сенатда кўпчиликни ташкил этгани сабаб бу билан муаммо йўқ бўлиб кетмади.Дональд Трампга қарши ўнлаб жиноий ва фуқаролик ишлари очилган, шунингдек, турли даражадаги прокуратуралар ташаббуси билан терговлар олиб борилмоқда. Асосий хавфни Нью-Йорк штати ҳукумати томонидан ўтказилаётган иккита тергов туғдирмоқда. Уларнинг биринчи сайловолди кампаниясини ноқонуний молиялаштириш ишига оид бўлиб, 2018 йилнинг декабрида Трампнинг собиқ адвокати Майкл Коэн 3 йилга озодликдан маҳрум этилганди (2020 йилнинг майида у коронавирус юқтириб олиши мумкинлиги сабаб уй қамоғига қўйиб юборилган). Айбловларнинг бир қисми Трамп порноюлдуз Сторми Дэниэлс билан ишқий муносабатда бўлгани сабаб «суд харажатларини қоплаш» номи остида офшор компанияси орқали 130 минг доллар тўлагани билан боғлиқ.
Давлат айбловига кўра, ушбу пулларга Дэниэлснинг 2016 йилги сайловолди кампаниясида «овоз чиқармаслиги» сотиб олинган. Бу эса Коэн ишида исми ошкор этилмаган шеригига «Қўшма Штатлар президенти этиб сайланишида» билвосита ёрдам берган. АҚШ Адлия вазирлиги ўзининг ички тартибидан келиб чиқиб, ҳукумат тепасидаги президентни жиноий таъқиб, Коэннинг шериги бўлган «биринчи шахс»ни тергов ҳаракатларига тортишни талаб қилмаган. Бироқ 2021 йил 20 январдан кейин Манхэттеннинг туман прокурори Сайрус Венсга АҚШ бош прокурори тўхтаб қолган жойдан ишни давом эттиришига ҳеч нарса халақит қилмайди. Ушбу иш билан шуғулланаётган Нью-Йорк штати бош прокурорининг ниятлари эса анча жиддий — у ҳам Майкл Коэннинг кўрсатмалари асосида тузилган — Трампнинг ташкилотидаги молиявий ўйинлар, иккиталик бухгалтериянинг юритилгани, солиқлардан қочиш учун даромадларини камайтириб ва бир вақтнинг ўзида банк ҳамда инвесторларни алдаш учун уларни ошириб кўрсатгани.
Гипотетик жиҳатдан Трамп лавозимда ўтирган вақтида президентлик афвидан фойдаланиб, ўзини ўзи оқлаши мумкин — қонун билан бу тақиқланмаган. Бу каби имкониятдан Ричард Никсон ўз муддатининг охирларида фойдаланган — унга «Уотергейт можароси» бўйича импичмент эълон қилиниши мумкин эди (натижада Никсоннинг истеъфосидан сўнг, амалдаги президентга айланган вице-президент Жеральд Форд афв эълон қилган).
Трамп ҳам ўз иттифоқдошларини афв этиш борасидаги ҳуқуқидан бир неча бор фойдаланган: президентлик афвига эришган ёки жазоси енгиллаштирилган 44 киши орасида Трампнинг тарафдори, публицист Динеш Д’Сoуза, Аризонадаги жанговар шериф Жо Арпайо, маҳбусларга нисбатан қаттиқ муносабатда бўлгани билан танилган, шунингдек, Трампнинг эски дўсти ва тарафдори Рожер Стоун ҳам бор. Трампнинг истеъфога кетиши, Майкл Пенс президентнинг вазифасини вақтинча бажарувчига айланиши, у эса собиқ президентга лавозимда ўтирган вақтида амалга оширган ҳар қандай жиноятлари суд томонидан таъқиб қилишини йўққа чиқарадиган иммунитетни совға қилиши борасидаги сценарий 1974 йилда Никсоннинг истеъфосига бир неча кун қолганда АҚШ бош прокурори ўринбосарининг қайдномасида ёзилган. Истеъфога чиққан давлат раҳбарининг ўзини вице-президенти томонидан афв этилиши шубҳасиз ва ҳеч қандай шартсиз давлат айблови учун барча имкониятларни ёпиб қўяди.
Бироқ шу каби қадамнинг ҳам имиж жиҳатдан жиддий камчилиги бор: афв расман бўлмаса ҳам айбни тан олишни назарда тутади. Бу бутун Америка жамияти қаршисида, эҳтимол, энг содиқ тарафдорларидан ташқари, жазоланмаслик учун сўнгги, энг умидсиз уринишга ўхшаб қолиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ўз-ўзини афв этиш тўғрисидаги президент ёки ўзининг вице-президенти орқали чиқарилган қарор, шубҳасиз, Америка инсон ҳуқуқи тарихида муҳим можарога айланади ва бу каби имкониятни тақиқловчи ёки чекловчи қонуннинг қабул қилинишига олиб келиши мумкин.
Бошқа тарафдан, Майкл Пенс Дональд Трампни афв этган инсон сифатида машҳурликка эришишни истамаса-да, Жо Байденнинг имкониятлари ҳам жамоатчилик фикри билан чекланган, жумладан, иккала тарафдан ҳам. Собиқ президентга нисбатан фаол суд жараёнлари жамиятнинг дарз кетишига олиб келиши ва у афв этилмаслиги ҳамда суд таъқибидан иммунитет берилмаслиги ҳам Трамп ўз тарафдорлари қаршисида қурбондек бўлиб қолиши мумкин.
Бундан кейин Трамп нима билан шуғулланади?
Трамп ўзига нисбатан барча айбловлардан қутулиб, юридик ҳимояга эга бўлди ҳам дейлик. Аммо 20 январдан кейин у нима билан шуғулланади? Аввалгидек кўчмас мулк савдоси билан шуғулланишга йўллар ёпиқ — бирор йирик банк сурункали банкротга заём беришга рози бўлмаса керак. Одатда собиқ президентлар ва биринчи хонимлар китоб ёзади (Билл ва Ҳиллари Клинтон ўзларининг мемуарига аванс сифатида 36,5 миллион доллар олган), маърузалар ўқийди ва сиёсий консультациялар беради ёки хайрия билан шуғулланади.Трампга туғишган муҳит — бу медиа, биринчи навбатда телевидение. Аммо афтидан, у ерда ҳам қўллаб-қувватловларни йўқотмоқда. Руперт Мёрдок империясининг кучли таъсирга эга камида иккита нашри очиқчасига ундан воз кечди: октябрда 2020 йилги сайловлар учун Трамп номзодини қўллаб чиққан кам сонли ОАВдан бири бўлган New York Post икки ҳафта ўтгач «Жо учун вақт!» сарлавҳаси остида мақола эълон қилган. Ўшдан Fox New бошловчиси Нил Кавуто Оқ уй матбуот котиби Кейли Макенани матбуот анжуманида демократларни Жо Байден фойдасига кенг кўламли сохта маълумотларни тарқатишда айблаганидан сўнг, трансляцияни узиб қўйганди.
Балки собиқ президенти ўзининг шахсий ОАВни яратишга уринар (яна бир бор) — у буни 2016 йилда, ҳали унинг сайловлардаги ғалабасини ҳеч ким кутмаган вақтда ҳам амалга оширмоқчи бўлган. Trump ТV’нинг иккинчи уриниши Трампга содиқ бўлган медиаташкилотлар базасида яратилиши мумкин: Sinclair ва One Аmerica News Network минтақавий консерватив телеканаллар тармоғида, асосан, Трамп мавзуси ёритиладиган ультраватанпарвар кабель телеканалида. Vanity Fair журналининг ёзишича, президентнинг куёви Жаред Кушнер ҳатто об-ҳаво маълумотлари телеканали Weather Channel’ни ҳам мўлжаллаган ва унинг базасида «Трамп-ТВ» яратмоқчи бўлган, бироқ унинг эгалари билан нархини келиши олмаган.
Бундан ташқари, Трамп, масалан, ўзининг севимли бошловчиси Раша Лимбонинг машҳур радиошоусини «мерос» қилиб олиши мумкин, дейди амалдаги президентнинг собиқ тарафдорларидан бири The New Yorker’га. 2020 йилнинг февралида Лимбо ўзининг саратондан ўлиши мумкинлигини эълон қилганидан бир кун ўтиб, президентнинг қўлидан энг юқори мукофотлардан бирини — «Озодлик» медалини қабул қилиб олган. «Трамп Флоридадаги Мар-а-Лаго кошонасидан туриб, радиошоуни олиб бориши мумкин — бироқ у ҳар куни микрофон қаршисида бир неча соат ўтиришга сабр топа олмаса керак ва унинг формати ҳам кичик, у телевидение учун яратилган», дейди «Ёлғон минораси» китоби муаллифи Барбара Рес (у ўз китобида Трампнинг қурилиш бизнесида қандай ишлагани ҳақида ёзган).
Охир-оқибат унинг яна бир бор президентлик сайловларида қатнашишига ҳеч нарса тўсқинлик қилмаяпти. Ахиосънинг амалдаги президент атрофидаги манбаларига таяниб ёзишича, Дональд Трамп ҳозирдан 2024 йилдаги сайловолди кампаниясига тайёргарликни бошлаган. Шу билан бирга қайта сайланиш имконияти — ёки камида муваффақиятли, ёрқин кампания — ёмон эмас. Трамп Республикачилар партиясини ўзига мутлақо оғдириб олишга қодирлиги нафақат унга берилган рекорд даражадаги овоз сони билан, балки унинг сайлов натижаларини қабул қилишдан бош тортгани сабаб кўзга кўринарли республикачилар орасида ҳам овозали норозиликларнинг йўқлиги билан кўриниб турибди.
Ҳозирча 2024 йилги сайловларда унинг ёнида учинчи хотини — Мелания Трамп бўладими, йўқми, номаълум. Британия таблоидларининг таъкидлашича, у президентлик ваколатлари тугаши билан ажрашишга қарор қилган. Биринчи хоним омма олдида жуда кўп маротаба эрининг ёнида ўзини совуқ тутади, бироқ ҳозирча бирор марта бу ҳақда ўз эътирозини билдирган эмас.
Изоҳ (0)