Трафальгар жанги Наполеон давридаги инглиз ва бирлашган испан-француз флоти ўртасидаги ўз даврининг энг йирик денгиз ҳарбий жангларидан бири сифатида тарихда қолди. «Дарё» 21 октябрдаги Трафальгар жанги санаси муносабати билан 60 та ҳарбий кема иштирок этган машҳур инглиз адмирали Горацио Нельсон ғалабаси билан тугаган жанг тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Трафальгар жангининг сабаблари
1805 йилда Наполеон армияси Европа қитъасидаги энг йирик ва кучли ҳарбий қудратлардан бири саналарди. Денгизда бўлса, Буюк Британия флоти қудратли ҳисобланар ва Буюк Британия денгиздаги мавқейидан фойдаланган ҳолда, Наполеон Франциясини ўз колониялари билан амалга оширадиган олди-сотдисига тўсқинлик қилиш учун денгиз қамалини жорий қилди. Натижада, французлар ўзларининг Африка, Янги дунё – Шимолий Америка каби ҳудудларидаги ҳарбийларини ўз вақтида қурол-яроғ, кийим-кечак ва озиқ-овқат билан ўз вақтида таъминлай олмайди.Наполеон инглиз ҳукуматига қарши жавоб сифатида инглизларнинг Европа қитъасидаги мамлакатлари билан олди-сотдисини қийинлаштириб қўйди. Бу эса Буюк Британиянинг Европа қитъасидаги иттифоқчилари билан алоқаларига зарба эди. Наполеон Бонапарт бу билангина чекланиб қолмай, ўз қўшинларини туманли Альбионга тушириш орқали Буюк Британияни таслим қилишни ҳам режалаштирди. Наполеон тузган режа «Булон амалиёти» сифатида тарихда қолди. Айнан шу ҳарбий амалиёт Буюк Британия ва Наполеон Францияси ўртасида денгиз жангининг келиб чиқишига туртки бўлди.
Урушнинг бошланиши
Буюк француз инқилобининг бошланишидан Франция Буюк Британия учун йирик рақобатчига айланганди. Инглиз нафақат француз қиролларининг тахтдан тўнтарилиши борасида, балки азалий рақиб Франциянинг иқтисодиёт, савдо-сотиқ соҳаларида кучайиб кетишидан хавфсирарди. Инглиз ҳукумати эса Франциянинг қудрати ортишига жимгина қараб тура олмас ва Европа қитъасидаги иттифоқчилари ёрдамида Наполеон Франциясига зарба бериш ҳақида бош қотирар ва ўз иттифоқчиларини молиявий, ҳарбий жиҳатдан таъминлашга уринарди.1802 йилда Амьенда имзоланган битим узоқ давом этмади. Инглизлар ҳам, французлар ҳам истило қилган ҳудудларидан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш борасида келишилган сулҳнинг шартларини бажаришни ортга суриб келди. Бундан ташқари, инглизлар келишилган сулҳга қарамай, француз бозорларида ўз маҳсулотларини сота олмаслигига амин бўлди. Расмий Лондонда французларнинг ашаддий рақиби «Франция мағлуб қилиниши керак», деган иддаолар кўпроқ янграй бошлайди.
1803 йилга келиб инглиз флоти француз портларини қамал қилишни бошлаши ортидан уруш ҳаракатлари бошланиб кетди. Наполеон инглизларга қарашли бўлган Ганноверни эгаллаб олди. Голландия ва Испания инглизларга қарши ўз денгиз ҳарбий кучларини Наполеон ихтиёрига берди. Бонапарт барча инглиз маҳсулотларини мусодара қилиш ва инглиз ҳарбийларини қамоққа олишни буюрди.
Буюк Британия бош вазири кичик Уильям Пит астойдил французларга қарши иттифоқ тузишга киришди ва ўз тарафига рус ва австрияликларни жалб қилиш ишларига киришиб кетди. Французлар эса ўз навбатида Ла-Манш соҳилларида Буюк армия деб номланган катта ҳарбийлардан иборат қўшинни инглизларга қарши сафарбар қилди. Наполеон ўз мулозимларига Англияни босиб олиш учун туманли уч кун кифоя эканини айтиб мақтанарди. Англияда эса Наполеон ҳужум ҳаракатларини бошлаганидан дарак топганлар Англиянинг тақдири борасида ташвишда эди.
Инглиз флоти олдидаги қийин жумбоқ
Наполеон инглизларга қарши уруш эълон қилган пайтда расмий Лондонда французларга қарши жангда ким флотни бошқариши ва урушда албатта ғалаба қозониш каби машаққатли муаммо юзага келди. Муаммони бартараф қилиш учун инглиз ҳукумати денгиз қўшинларига бош қўмондон қилиб, машҳур адмирал Горацио Нельсонни тайинлайди. 1758 йилда туғилган Горацио Нельсон инглиз флотида ёш бўла туриб, инглиз фрегатига капитан бўлиш шарафига эришган халқ орасида машҳур ҳарбийлардан бири эди. Горацио Нельсон кўп йиллар мобайнида Британия флотига содиқ хизмат қилар экан, айниқса, Вест-Индиядаги ҳарбий муҳорабаларда шуҳрат қозонганди.1793 йилдаги инглиз-француз уруши даврида Нельсон Ўрта Ер денгизидаги жангларда қатнашиб, ўз шуҳратига шуҳрат қўшган кам сонли денгиз жанги сир-асрорларини пухта ўзлаштирган қўмондонлардан бири сифатида танилди. Дастлаб, у бошчилигидаги жамоа Корсика оролларида «Агамемнон» кемасида кўп жангларда иштирок этди. 1794 йилдаги Калвидаги жанглардан бирида бир кўзидан айрилди. Нельсон табиатига кўра, қайсар ҳарбий денгиз саркардаларидан бири сифатида танилган бўлиб, агарда ҳукумат жиддий жангларда қўрқоқларча ҳаракат қилаётган бўлса, уларнинг кўрсатмаларига қарши чиққан ҳолда ўз жангини олиб борарди. Унинг бу табиатини унинг жамоаси қўллаб-қувватлар ва унга ўз мақсадига эришишда астойдил ёрдам берарди.
Ҳаттоки 1798 йилда Нельсон қўмондонлиги остидаги инглиз ҳарбий кемаси Наполеон Мисрга саёҳатга чиққанини эшитиб, унинг кемасини асирга олишга ҳаракат ҳам қилгани, тарихий манбаларда ўз аксини топган эди.
Горацио Нельсон ва Пьер Шарль Жан Батист де Вильнёв тўқнашуви
Пьер Шарль Жан Батист де Вильнёв Франциянинг Прованс вилояти Валансол шаҳарчасида дунёга келди. 1779 йилда Франция денгиз флотида ўзининг илк хизматини бошлайди. Аслзодалар қатламига мансублигига қарамасдан буюк француз инқилобига хайрихоҳ бўлди. Ҳаттоки де Вильнёв ўзининг аслзодалик мартабасидан воз кечган ҳолда француз инқилоби ҳаракатини қўллаб-қувватлашга аҳд қилди. Бир неча денгиз жангларида хизмат кўрсатиб, эътиборга тушгач, 1798 йилда контр адмирал рутбасига сазовор бўлди.1804 йилда Наполеон Бонапарт де Вильнёв қўмондонлиги остидаги денгиз ҳарбий кучларига инглизлар қамалидан чиқиб, Британияга бостириб кириш топшириғини юклайди. Наполеон тузган режага кўра, де Вильнёв Вест-Индияга сузиб кетиши, инглизларнинг Кариб ҳавзасидаги ҳарбий қисмларига ҳужум қилиши ва Атлантика уммони орқали ортга қайтиб Брестда испан ва француз ҳарбий қўшинлари билан қўшилиши ҳамда Ла Маншдаги инглиз флотини тор-мор қилиб, туманли Альбионга кириши керак эди. Мазкур ҳарбий амалиёт ўта хавфли ва қалтис ҳам эди.
Нельсон ўз навбатида француз флоти испанлар билан иттифоқчиликда Ўрта Ер денгизида ҳужум ўтади деб тахмин қилди. Бироқ де Вильнёв бошчилигидаги флот Вест-Индияга қараб кетгани ҳақидаги хабарни қўлга киритгач, Атлантика уммонида уларни таъқиб қилишга ҳаракат қилди. Мақсад французларнинг ҳарбий режасига тўсқинлик қилиш бўлди. Де Вильнёв инглиз флотининг сон жиҳатидан устунлигини сезган ҳолда ўз йўналишини Европа қитъаси тараф ўзгартирди. Адмирал Нельсон де Вильнёв билан денгиз жангига киришар экан, бирлашган испан-француз қўшинлари Кадисдан чиқмаслигидан ёки инглизлар билан жанг қилмаслигидан чўчирди.
Инглиз флоти учун французларни дастлабки жангда мағлуб қилиш ва денгиздаги ҳукмронликни кимга тегишли эканини кўрсатиб қўйиш эди. Наполеон эса ўз ҳарбий адмиралларининг қатъиятсизлигидан ранжир ва улардан жангни ижобий ҳал қилишни талаб қиларди. Иттифоқчилар қўл остида 33 дона ҳарбий кема мавжуд бўлса-да, Нельсон қўл остидаги 27 дона ҳарбий кема пухта режалаштирилган ва матонат кўрсатилган жангда ғолиб бўлди. Бир неча соат давом этган жанг натижасида Горацио Нельсон қўмондонлиги остидаги инглиз ҳарбий флоти бирлашган француз-испан флотини тор мор қилди.
Жангнинг оқибатлари
Уруш натижасида француз ва испан денгиз кучлари ўзларининг 22 ҳарбий кемасидан айрилди. Горацио Нельсон мушкетдан отилган ўқдан умуртқасидан жароҳат олди, де Вильнёв эса мазкур жангда ҳалок бўлди. 47 ёшли Нельсоннинг шахсий матонати ва жасурлиги инглизларга ғалаба келтирди. Трафальгар жангида инглизларнинг Наполеон флоти устидан қозонилган ғалабаси Буюк Британиянинг бир неча аср давом этган денгиздаги устунлигини ёрқин ифодаси сифатида тарихда қолди. Инглиз флотидан мағлуб бўлган Наполеон ўз жанговар ҳаракатларини келажакда Россия ва Австрияга қарши йўналтиришга мажбур бўлди. Бу эса буюк Наполеоннинг инглиз флотининг маҳоратини эътироф этганлигидан дарак эди.Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)