Ўзбекистоннинг расмий захира активлари сентябрь ойига нисбатан 1,2 миллиард долларга камайиб, 1 октябрь ҳолатига кўра 33,4 миллиард долларни, халқаро захиралари 32,7 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкка таяниб Spot хабар қилмоқда.

Фото: Bloomberg

Мамлакат захиралари ҳали ҳам жуда кам диверсификацияланган, яъни деярли барча захира олтин (18,6 миллиард доллар) ва чет эл валютаси (14,5 миллиард доллар) шаклида сақланмоқда. Ушбу муаммони АҚШ ғазначилик облигацияларини сотиб олиш йўли билан ҳал қилиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, олтин-валюта захиралари кетма-кет иккинчи ой камаймоқда. Сентябрь ойидаги захираларнинг камайишига олтин захираси сабаб бўлганди. Йил бошида олтин захираси 10,8 миллион унсияга тенг бўлган бўлса, октябрга келиб бу кўрсаткич 9,9 миллион унсияни ташкил қилмоқда.

Бу ойда мамлакат олтин-валюта захираларининг камайишига чет эл валютаси камайиши сабаб бўлди. Ҳозирда захирада 14,5 миллиард доллар борлиги қайд этилган. Бу кўрсаткич сентябрь ойида 15,4 миллиард долларни ташкил этган эди.

Захиралар, бошқа нарсалар қатори, мамлакатнинг «хавфсизлик ёстиғи» ҳисобланади. Улар ташқи таъсирларга қарши буфер сифатида зарур ҳисобланади.

Маълум қилинишича, амалдаги захиралар 20 ойдан ортиқ импортни молиялаштириш учун етарли. Бу ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган кўрсаткичдан анча кўпдир.

Аввалроқ Ўзбекистон жаҳон бозорида олтин нархининг ошишидан фойда кўргани, олтин захираси мамлакатга пандемия вақтида «жон сақлаш»га имкон бераётгани тўғрисида хабар берилганди.