Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов 19 октябрь куни 60 ёшида вафот этди. Бу ҳақида туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Аъзамхон Баҳромов.

Фото: Каттақўрғон туман ҳокимлиги

Аъзамхон Баҳромов 1960 йил 12 январь куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида туғилган. Меҳнат фаолияти давомида Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда ишлаб келган Аъзамхон Баҳромов 2000—2001 йилларда бош вазир котибияти мудири, 2006—2008 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, 2017 йилда Қўшработ тумани ҳокими, 2017 йилдан ҳозирги кунга қадар Каттақўрғон тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.

Туман ҳокимлигидан маълум қилишларича, Баҳромовнинг жанозаси 19 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтади. Марҳумнинг ўлими сабаби маълум қилинмаган.

Пандемия даврида вафот этганлар

7 октябрь куни Андижон вилояти Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев ва Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳромжон Нурматов узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этгани маълум бўлган эди. 29 сентябрь куни Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги касаллигидан вафот этгани эълон қилинган эди.

20 сентябрь куни бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев, 8 сентябрда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев, 22 августда Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов, 31 июлда Қорақалпоғистон раҳбари Муса Ерниязов, 24 июлда Қорақалпоғистоннинг Қонликўл тумани ҳокими Даулет Толибаев вафот этган. Уларнинг барчаси коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган.