АҚШ президенти Дональд Трампнинг коронавирусга топширган сўнгги тестлари натижаси салбий чиқди. Бу ҳақда мамлакат раҳбарини даволаётган шифокор Шон Конлига таяниб, Оқ уй матбуот котиби Кейли Макинэни маълум қилди.

Фото: Reuters

Антитана, РНК ва ПЗР-тадқиқотлар ва бошқа қатор тестлар Америка етакчисида вирус йўқлигини кўрсатган. «Унинг тестлари кетма-кет бир неча кундан буён салбий чиқмоқда», — дейди Конли.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирусга қарши қабул қилаётган дорилар унинг руҳий соғлиғига ва қарорларининг муносиблигига, хусусан, ядро қуролини қўллаш тўғрисидаги қарорига таъсир ўтказиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди. Экспертлар фикрига кўра, касалликни юқтирганидан кейин Оқ уй раҳбарининг олдиндан айтиб бўлмайдиган хатти-ҳаракатларга ва гапларга мойиллиги анча ошган.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп ва унинг рафиқаси Меланияда 2 октябрь куни коронавирусга топширган тест жавоби ижобий чиққан. Сўнг у Уолтер Рид номидаги миллий ҳарбий тиббиёт марказида даволанган. Шон Конлининг маълум қилишича, Трампнинг организмида кислород даражаси 93 фоизгача тушиб кетганидан сўнг дексаметазон қўлланилган. Шифокорлар стероидни 3 октябрь куни ремдесивир препаратининг иккинчи дозаси билан бирга қўллашни бошлаган, Трампда иккиламчи таъсирлар аниқланмаган.