Дунёда коронавирусга чалинганлар сони ўтган ҳафта ичида 2,2 миллиондан ортиқ одамга кўпайди, бу пандемия бошидан буён етти кун ичида кузатилган энг юқори ўсиш кўрсаткичидир, деб ёзади «ТАСС». Ўлим билан тугаган ҳолатлар 39 мингтага ошган, бу бундан олдинги ҳафтадаги кўрсаткичга тахминан тенг. Бу ҳақда ЖССТ душанбадан сешанбага ўтар кечаси Женевада маълум қилган.
Ҳафталик ахборот бюллетенида таъкидланишича, расман тасдиқланган коронавирусга чалиниш ҳолатлари 11 октябрь ҳолатига кўра 37 109 851 тага, ўлимга олиб келиш ҳолатлари 1 070 355 тага етган.
Энг оғир эпидемик вазият Шимолий ва Жанубий Америкада кузатилмоқда. Бу ҳудудда 5—11 октябрь оралиғида 804 мингдан ортиқ киши касалланган, жами касалликни юқтирганлар сони 17,79 миллиондан ошган. Етти кун ичида 20 мингдан ортиқ ўлим қайд этилган, 11 октябрь ҳолатига жами ўлим ҳолатлари сони 588 мингдан ошган.
Жануби-шарқий Осиёда бир ҳафтада 575 мингдан зиёд киши коронавирусни юқтирган, уларнинг умумий сони 7,9 миллиондан ошган. Вафот этганлар сони 126 мингдан ошди, бу олдинги ҳафтадагидан 7,75 мингтага кўпдир.
Европада бундан аввалги ҳафтага нисбатан энг катта ўсиш қайд этилган (34%). Касалланганлар сони 694 мингдан кўпроққа ошган ва қарийб 6,92 миллионга етган. Бир ҳафтада 6,1 мингдан зиёд одам ўлган, уларнинг жами сони 246 мингдан ошган.
Изоҳ (0)