Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Андижон вилояти Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев 29 сентябрь куни вафот этди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Мусахон Мамадалиев

Мусахон Мамадалиев
Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Вилоят ҳокимлиги томонидан хабар берилишича, Мусахон Мамадалиев ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги касаллигидан вафот этган.

Аввалроқ Мусахон Мамадалиевнинг пневмониядан даволанаётгани ҳақида хабар берилганди.

«Дарё» мухбирининг аниқлик киритишича, Хонобод шаҳар ҳокими сўнгги маротаба 2020 йил 9 сентябрь куни вилоят прокурори ўринбосари Бахтиёр Худойбердиев иштирокидаги ёшлар ҳамда «темир дафтар»га киритилган аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўтказилган учрашувда кўриниш берган.

Шаҳар ҳокими саломатлигини тиклаш мақсадида уч кундан ортиқ муддат давомида ўз уйида даволанган. 2020 йил 14 сентябрдан бошлаб эса, у Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон филиалида пневмония касаллигидан даволанишни бошлаган. Тиббиёт ходимларининг қайд этишича, унда коронавирус аломатлари топилмаган.

Мусахон Мамадалиев 1971 йил 29 мартда Андижон вилояти Шаҳрихон туманида туғилган. Тошкент политехника институтини (1994 йил), Тошкент молия институтини (2003 йил), Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тугатган (2009 йил).

Эслатиб ўтамиз, 31 июль куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Муса Ерниязов коронавирус инфекцияси асоратларидан вафот этган эди. Коронавирусга чалинган Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов 22 август куни вафот этганди. Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев 8 сентябрь куни коронавирус асоратлари оқибатида вафот этганди. Июль ойида эса Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими Даулет Толибаев коронавирус билан касалланиб, вафот этганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар