Тошкент шаҳар Учтепа туманида 27 сентябрь куни 16 ёшли қиз Spark автомобили бошқарувини эплай олмай, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. ЙТҲ оқибатида Spark салонида бўлган 14 ёшли бола вафот этган. Бу ҳақда ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 20:00 да Тошкент шаҳар Учтепа туманида 2004 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган қиз Ш.Н. Spark автомобилини бошқараётиб ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи, 1982 йилда туғилган И.А. бошқарувидаги Nexia автомобилни қувиб ўтишга уринган. Қувиб ўтиш чоғида 16 ёшли қиз Nexia билан тўқнашиб, бошқарувни йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши бўлагига ўтиб кетган. Spark қаршисидан келаётган 1974 йилда туғилган А.М. бошқарувидаги Lacetti автомобили билан тўқнашган.
Натижада Spark йўловчиси 14 ёшли А.Н. шифохонага олиб кетилаётганда йўлда вафот этган. Ушбу автомобиль ҳайдовчиси 16 ёшли Ш.Н. ва Lacetti ҳайдовчиси 46 ёшли А.М. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
- Андижонда Volvo юк машинаси икки нафар қизалоқни босиб кетиб, хонадонларнинг бирига бориб урилди
- Ургутда 21 ёшли йигит «Жигули»сида велосипедда кетаётган синфдошини уриб юборди. Велосипедчи воқеа жойида ҳалок бўлган
- Самарқандда 18 ёшли ўсмир автобус уриб юбориши оқибатида вафот этди. Тез ёрдам шифокори ЙТҲ жойига етиб борганида жабрланувчи ўз ўғли эканлигини билди
Изоҳ (0)