Интернетда OnePlus 8Т Prо флагманини ишлаб чиқариш бекор қилингани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Бироқ ушбу маълумот у қадар ҳам тўғри бўлиб чиқмаган. Инсайдерлардан бири девайснинг ҳақиқий суратини ва техник тавсифини олишга муваффақ бўлган, деб ёзади Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Маълумотларга кўра, гаджетга 120 герц янгиланишга эга 6,78 дююмли экран ўрнатилади. Қурилма ичидан Snapdragon 865+ процессори, 12 гигабайт тезкор ва 256 гигабайт ички хотира ўрин олади. «Қутидан» олинган смартфон Android 11 операцион тизимида ишлайди.

Гаджетнинг орқа панелига квадрокамера ўрнатилганини кўриш мумкин — 48 мегапикселли иккита датчик, шунингдек, 16 ва 5 мегапикселли комбинация. Фронтал камеранинг хусусиятлари тўғрисида маълумотлар ошкор қилинмаган, суратларга кўра, у ҳаракатланувчи механизмга яширилади.

Фото: Gizchina

Интернетда тарқалган хабарларга қарамай, компания қурилма устида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳеч қандай маълумот тарқатмаган. Ҳатто смартфон суратининг мавжудлиги ҳам унинг тез орада пайдо бўлишини кафолатламайди.

Эслатиб ўтамиз, август ойи ўрталарида Европа аудио ва видеотехника бўйича журналлар ассоциацияси (EISA) йилнинг энг яхши смартфони дея OnePlus 8 Prо’ни тан олганди.