Самарқанд вилояти Оқдарё туманида Lacetti ҳамда «ПАЗ-742» транспорт воситасининг тўқнашуви оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар қилди.

Фото: ЙҲХББ ахборот хизмати

Хабарда қайд этилишича, 2020 йилнинг 13 сентябрь куни соат 02:30 ларда Самарқанд вилояти, Оқдарё тумани, «Амир Темур» МФЙ ҳудудидан ўтган М-37 автомобиль йўлининг 37-километрида 1989 йилда туғилган Б.А. бошқарувидаги Lacetti Бухоро—Самарқанд йўналишида ҳайдовчининг ухлаб қолиши оқибатида ўзи билан бир йўналишда, олдинда ҳаракатланиб кетаётган «ПАЗ-742» билан ЙТҲ содир этган.

Lacetti 1966 йилда туғилган Ў.Ш. бошқарувидаги «ПАЗ-742» транспорт воситасининг орқа томонига бориб урилган. Оқибатда Lacetti ичидаги йўловчилар — 49 ёшли А.А. ва 55 ёшли Б.Ж. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.

Фото: ЙҲХББ ахборот хизмати

Шунингдек, ушбу автомобиль ҳайдовчиси 31 ёшли Б.А. тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.

«Мазкур ЙТҲ юзасидан Оқдарё тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Lacetti ҳайдовчиси Б.А. бир йил мобайнида бир марта қоидабузарлик содир этган», – дейилади хабарда.

2020 йил 6 сентябрь куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида «КамАз» ҳамда Spark иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани, Spark ҳайдовчиси бошқарув вақтида ухлаб қолгани ва машина қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб «КамАз»га урилгани, оқибатда енгил машина ҳайдовчиси 29 ёшли С.Ф. ва йўловчи 1991 йилда туғилган А.Н. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этгани хабар қилинганди.