Ўзбекистонда 27 июль соат 23:30 дан 28 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 684 та ҳолат қайд этилди. Бу бир кун олдинги нисбатан касалланиш ҳолати 8 тага кўп деганидир. Кунлик касалланиш бўйича янги антирекорд ўрнатилди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 21893 нафарга етди.
Янги касалланиш ҳолатлари
Янги касалланганларнинг- 125 нафари хориждан келиб карантинга олинганлар орасида;
- 559 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида (Тошкент шаҳрида — 285 нафар, Тошкент вилоятида — 105 нафар, Бухоро вилоятида — 32 нафар, Самарқанд вилоятида — 26 нафар, Сирдарё вилоятида — 21 нафар, Сурхондарё вилоятида — 21 нафар, Қашқадарё вилоятида — 18 нафар, Наманган вилоятида — 18 нафар, Навоий вилоятида — 11 нафар, Фарғона вилоятида — 10 нафар, Андижон вилоятида — 9 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 3 нафар) аниқланган.
Тошкент шаҳрида 285 кишида коронавирус қайд этилди. Бир кун аввалгига нисбатан солиштирганда пойтахтда касалланиш ҳолатлари 190 тага камайди. Шунингдек, Қозоғистондан «Ғишткўприк» чегара пости орқали келган ва Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида ҳам 125 кишида касаллик аниқланди. Ҳозирда Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони Ўзбекистонга нисбатан деярли 4 баробарга кўп. Янги ҳолатлардан сўнг Тошкентда коронавирусга чалинганлар сони (хориждан келиб карантинга олинганлар билан бирга) 13 мингдан ошиб кетди.
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги «Ёшлик» спорт мажмуаси коронавирус ташхиси қўйилган беморларни даволаш учун махсус марказга айлантирилди. Ушбу марказ 520 нафар койка-ўринга эга бўлиб, ҳозирда тиббиёт ходимлари ишга қабул қилиниши бўйича эълон берилган.
Тошкент вилоятида 105 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда уч кундан буён касалликка чалинганлар сони 100 нафардан ортиқ бўлмоқда, бироқ бу кўрсаткич пасаяётганиниям қайд этиш лозим. 26 июль куни 150 кишида касаллик аниқланган бўлса, 27 июль куни 127 кишида коронавирус қайд этилди.
Бухоро вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 32 кишида коронавирус аниқланди. Июль ойида Бухорода жами 232 кишида касаллик аниқланди. Бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 31 фоизига тенг.
Самарқанд вилоятида 26 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда 26 июль куни ҳам 26 кишида касаллик қайд этилганди. Вилоятда июль ойида 444 кишида вирус аниқланди. Солиштириш учун, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг ҳеч бирида бутун эпидемия мавсумида қайд этилган коронавирусга чалиниш ҳолатлари 400 тага ҳам етмаган.
Сирдарё вилоятида 21 кишида касаллик қайд этилди. 17 июлдан бери ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Ўша кунгача вилоятда касалланганлар сони 213 нафарни ташкил этган, 12 кун ичида Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 314 нафарга ёки деярли 2,5 бараварга кўпайиб, ҳозирда 527 нафарга етган.
Сурхондарё вилоятида ҳам 21 кишида коронавирус аниқланди. 30 июнь ҳолатига кўра, Сурхондарёда 101 кишида коронавирус аниқланганди. Июль ойида касалланганлар сони 372 нафарга кўпайди. Сурхондарёда коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг 79 фоизи июль ойига тўғри келди.
Қашқадарё вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 18 кишида касаллик аниқланган. Июль ойида Қашқадарёда 458 та янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Бу вилоятдаги жами касалланганларнинг 70 фоизига тенгдир.
Наманган вилоятида ҳам 18 кишида коронавирус қайд этилди. Бир кун олдин ҳам вилоятда 18 кишида касаллик аниқланганди. Вилоятда июль ойида 391 кишида коронавирус қайд этилди, бу Намангандаги жами касалланиш ҳолатларининг 57 фоизига тенгдир.
Навоий вилоятида 11 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда 14 июлдан кейин бирон марта ҳам кунлик касалланиш кўрсаткичи 10 тадан ошмаётганди. Навоий вилоятида 15, 16, 18, 20, 21, 25, 26 ва 27 июль кунлари ҳам коронавирус аниқланган, аммо касаллар сони 7 тадан ошмаганди. Навоий коронавирусга чалинганлар сони 400 дан ошган 10-ҳудуд бўлди.
Фарғона вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 10 кишида касаллик аниқланди. Вилоятга 6 июлда коронавирус қайтганидан 81 кишида коронавирус қайд этилди. Бу Фарғона вилоятидаги жами касалланиш ҳолатларининг 34 фоизига тенгдир.
Андижон вилоятида 9 кишида касаллик аниқланди. 24 июль куни вилоятда 35 кишида коронавирус қайд этилгач, янги ҳолатлар камайиб бормоқда — 26 июль куни 16 кишида, 27 июль куни 13 кишида касаллик аниқланганди. Андижон ҳозир касалланганлар сони бўйича фақат Тошкент шаҳри ва вилоятидан ортда қолмоқда. 30 июнь ҳолатига кўра вилоятда 209 кишида касаллик қайд этилганди, июль ойида эса коронавирус беморлари сони 4,5 баробарга кўпайди.
Қорақалпоғистон Республикасида 3 кишида коронавирус қайд этилди. Республикада касалланганларнинг умумий сони 340 нафарга етди. Қорақалпоғистонда касалликка чалинганлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ҳам бор. 25 июль куни унинг вафоти ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Аммо бу хабарлар тезда рад этилди. Ерниязовнинг ўлими ҳақидаги нотўғри хабардан сўнг Қорақалпоғистондаги учта ОАВ бош муҳаррирлари ярим тунда прокуратурага чақирилган. Ўзбекистон бош прокурорининг ўринбосари Светлана Ортиқованинг сўзларига кўра, вазиятни муҳокама қилиш жараёнида ҳолат юзасидан суриштирув ўтказган ходимларнинг хатти-ҳаракатини оқлаб бўлмайди. Шу сабабли Ортиқова қорақалпоғистонлик ҳамкасбларига танбеҳ берган ва улар журналистлардан узр сўраган.
Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар
ССВ 28 июль куни Тошкент шаҳрида коронавирус асоратларидан вафот этган 5 бемор ҳақида маълумот берди. Хабарларда уларнинг қайси куни ҳаётдан кўз юмганига аниқлик киритилмаган.Биринчи ўлим. Тошкентнинг Учтепа туманида яшаган 34 ёшли Ш.М. 16—21 июль кунлари шаҳар 9-сон туғруқ комплексида «27 ҳафталик 6-ҳомиладорлик, 5-туғруқ, икки томонлама пневмония, камқонлик, нафас етишмовчилиги» ташхиси билан даволанган.
Беморда COVID-19 тасдиқлангач, у шаҳар 3-сон туғруқ комплексига ўтказилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.
Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшаган 50 ёшли Р.Д. исмли эркакда 16 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.
Беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси асорати билан кечган. Шунингдек, бемор қандли диабет, гипертония ва эпилепсия ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.
Бироқ беморнинг аҳволи асосий касаллик асоратлари ҳисобига кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион чораларга қарамай ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Учинчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшовчи 61 ёшли М.М. исмли эркак 10 июль куни ўзида коронавирус инфекциясининг белгиларини сезгач, уйда даво муолажаларини олган. Бироқ аҳволи оғирлашгач, 20 июль куни шифокорга мурожаат қилган ва тиббиёт муассасасида стационар режимда даволанишга ўтказилган.
Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, инфексион токсик шок асоратлари билан кечган. Беморда юрак ишемик касаллиги, гипертония ҳамроҳ касалликлари ҳам бўлган.
Беморнинг аҳволи асосий касаллик асоратлари ҳисобига кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшаган 40 ёшли М.К. исмли аёл 12—17 июль кунлари шаҳар 2-сон туғруқ комплексида 30 ҳафталик 4-ҳомиладорлик, 4-туғруқ, асоратланган акушерлик анамнези, бачадон чандиғи, икки томонлама пневмония, камқонлик, нафас етишмовчилигининг 2-даражаси ташхиси билан стационар шароитда даволанган.
Беморда COVID-19 инфекцияси борлиги тасдиқлангач, у 17 июль куни шаҳар 3-сон туғруқ комплексига ўтказилган. М.К.га COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги, сепсис, полиорган етишмовчилиги, ДВС синдром асоратлари билан кечган. Юқорида келтирилган ҳамроҳ касалликлар билан бирга беморда ҳомиланинг антенатал ўлими ҳам кузатилган.
Беморнинг аҳволи асосий касаллик асоратлари ҳисобига кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, сепсис, полиорган етишмовчилиги, ДВС синдромдан вафот этган.
Беш кун ичида 6 нафар ҳомиладор аёл коронавирус асоратларидан вафот этди. 28 июлдаги икки ҳодисадан ташқари 24 июль куни қашқадарёлик 35 ёшли аёл, 25 июль куни тошкентлик 34 ёшли аёлнинг ҳомиладорлик вақтида коронавирус тасдиқлангач ҳаётдан кўз юмгани, 26 июлда эса Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган 32 ёшли аёлнинг вафот этгани, 27 июлда Тошкентда 35 ёшли яна бир ҳомиладор аёлнинг COVID-19 асоратлари туфайли вафот қилгани ҳақида хабарлар берилганди.
Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшаган 73 ёшли У.Т. исмли аёл 12 июль куни COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси билан Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.
Беморда ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги, ўпка шиши, коронавирусли энсефалит ва полиорган етишмовчилиги асоратлари кузатилган. Шу билан бирга беморда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар аниқланган.
Реанимацион чораларга қарамасдан аҳволи асосий касаллик асоратлари ҳисобига кескин оғирлашган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шиши, сепсис ва полиорган етишмовчилигидан вафот этган.
Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 126 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирус чалингач вафот этганлар сони 132 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов, Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. Бироқ ушбу олти ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.
Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган.
Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 9 502 нафар бемордан 206 нафари оғир, 91 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввал аҳволи оғир беморлар 214 нафарни, аҳволи ўта оғир беморлар 83 нафарни ташкил этаётганди.
Касалликдан даволаниш
28 июль куни Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан даволанаётган беморларнинг 591 нафари соғайди. Бу янги рекорд.Тузалганларнинг
- 381 нафари Тошкент шаҳридаги 17 та шифохонада даволанаётган беморлар;
- 82 нафари Тошкент вилоятида;
- 41 нафари Андижонда;
- 23 нафари Сирдарёда;
- 20 нафари Наманганда;
- 17 нафари Бухорода;
- 17 нафари Навоийда;
- 10 нафари эса Қорақалпоғистон Республикасида касалликдан фориғ бўлган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.
Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас. Республика махсус комиссияси марказий штабининг 22 июль куни берган маълумотлари аллақачон эскирди.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 21 893 нафар бемордан 12 265 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 56 фоизни ташкил этмоқда. Икки кундан буён бу борадаги кўрсаткич 1 фоиздан яхшиланмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 9502 нафар бемордан 7049 нафари Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Жиззахда 17, Навоийда 20, Фарғонада 32, Хоразмда 42, Самарқандда 123, Қорақалпоғистонда 114, Сирдарёда 123, Наманганда 156, Бухорода 175, Андижонда 182, Қашқадарёда 227, Сурхондарёда 238 ва Тошкент вилоятида 1004 нафар бемор қолди.
Изоҳ (0)