Ўзбекистон Президентининг «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари тугатилди.
Мазкур икки тузилма ўрнига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.
Ҳужжатга мувофиқ Санитария-эпидемиология хизматининг тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимларига коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб этилган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар тўланади.
Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб Санитария-эпидемиология хизмати ходимларининг амалдаги ойлик иш ҳақларига қўшимча равишда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлганда лавозим маошига 30 фоиз, фан доктори илмий даражаларига эга бўлганда 60 фоиз ҳар ойлик устамалар белгиланади.
Санитария-эпидемиология хизмати давлат бюджетидан тизимга ажратилган маблағлар, уларнинг сарфланиш йўналишлари, самарадорлик натижалари юзасидан маълумотларни ҳар ой якуни бўйича жамоатчиликка эълон қилади ва ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб боради.
Шу билан бирга, Санитария-эпидемиология хизматининг бюджетдан ташқари махсус жамғармаси ҳам ташкил этилди.
Мавзуга доир:Ўзбекистонда коронавирусга тест топширганларга унинг натижалари ҳақида 3 кунда телефон орқали хабар берилади
Изоҳ (0)