«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
00:51, 26.07.2020 157638

Ўзбекистонда 25 июль куни 592 кишида коронавирус аниқланди. Тошкент шаҳрида янги антирекорд қайд этилди

Ўзбекистонда 24 июль соат 23:30 дан 25 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 592 та ҳолат қайд этилди. Уч кун давомида касалланиш ҳолатлари 500 тага етмаётганди. Энди эса 13 июлдаги антирекорддан икки нафар кам беморда касаллик аниқланди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 19952 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 111, «Дарё» ҳисоби бўйича 117 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 592 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 459 нафар;
  • Наманган вилоятида — 37 нафар;
  • Сирдарё вилоятида — 36 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 32 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 13 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 8 нафар;
  • Навоий вилоятида — 7 нафар.

Бир қарашда касалланиш ҳолатлари кўпаймагандек туюлади, чунки 13 июлда 594 кишида касаллик аниқланганди. Аммо ўшанда 594 та ҳолатдан 83 таси хориждан келиб карантинга олинганлар орасида қайд этилганди. 25 июль куни эса хориждан келганлар орасида янги ҳолатлар аниқлангани ҳақида хабар берилмади. Демак, барча ҳолатлар аҳоли орасида аниқланган бўлиб чиқади. Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзов ҳам 22 июлдаги брифингда аҳоли орасида касалланиш кўпайганини қайд этганди. «Аввал бир кунда аниқланган касалларнинг 30-40 фоизи аҳоли орасидан, қолганлари карантин муассасаларидан чиққан бўлса, бугун 100 фоиз аҳоли орасидан чиқяпти. Аҳоли орасида мана шу касаллик юрибди», — деганди Давронбек Жуманиёзов.

Тошкент шаҳрида 459 кишида касаллик қайд этилди. Бу янги антирекорд. Бунгача 13 июль куни 448 кишида касаллик аниқланиши энг катта натижа бўлиб турганди. Ҳафта давомида Тошкентда 1733 кишида коронавирус аниқланди. Бу коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича 2-ўринда турган Тошкент вилоятида бутун эпидемия мавсумида аниқланган касалланганлар сонига деярли тенг. Янги ҳолатлардан сўнг Тошкентда коронавирусга чалинганлар сони (хориждан келиб карантинга олинганлар билан бирга) 12124 кишига етди.

Наманган вилоятида 12 июлдан 23 июлгача ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари аниқланганди. 24 июлда касалланиш ҳолатлари аниқланмади, 25 июлда эса 37 кишида касаллик қайд этилди. Наманган вилоятида коронавирусга чалинганлар сони бўйича Қашқадарёдан ўтиб кетди — 653 га 637.

Сирдарё вилоятида 36 кишида касаллик аниқланди. Вилоятда 21 июль куни ҳам 36 кишида касаллик аниқлангач, янги ҳолатлар қайд этилмаётганди. 17 июлдан бери ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Ўша кунгача вилоятда касалланганлар сони 213 нафарни ташкил этган, 9 кун ичида Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 2 баравардан ҳам ошди. 17—25 июль оралиғида Сирдарёда 246 кишида коронавирус тасдиқланди. Сирдарё вилояти коронавирусга чалинганлар сони бўйича Сурхондарёдан ўтиб кетди — 459 га 427.

Самарқанд вилоятида 32 кишида коронавирус аниқланди. Охирги 4 кун ичида Самарқандда касалликка чалинганлар сони 105 нафарга кўпайди. Вилоятда июль ойида қайд этилган касалланиш ҳолатлари 392 тага тенг. Солиштириш учун, Самарқандга қўшни Навоий вилоятида эпидемия мавсуми бошидан бери касалланганлар сони 391 тани ташкил этади.

Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 13 нафарга кўпайди17 июлдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятининг кўрсаткичларини Тошкент шаҳридан алоҳида бера бошлади. Ўшандаб буён вилоятда 110 кишида касаллик аниқланди. Тошкент вилоятида ҳозирда 1788 кишида коронавирус қайд этилган, бу беморлар сони бўйича 3 ва 4-ўринда бораётган Андижон ва Самарқанддаги касалликка чалинганларнинг умумий сони (1747)дан ҳам кўп.

Қорақалпоғистон Республикасида 8 кишида коронавирус аниқланди. Республикада касалланганларнинг умумий сони 337 нафарга етди. Ушбу ҳолатларнинг ярмидан ортиғи — 186 та ҳолат июль ойида содир бўлди. Қорақалпоғистонда касалликка чалинганлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ҳам бор. 25 июль куни унинг вафоти ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Аммо ССВ матбуот котиби бу хабарларни рад этиб, Муса Тажетдинович ҳаётлигини билдирди. «Етакчи мутахассислар у кишининг соғлиғи тикланиши учун курашяпти», — дейди ССВ матбуот котиби. Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг ҳам вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганда, унинг ўзи видеомурожаат қилиб, аҳволи яхшилигини билдирганди. Муса Ерниязов ҳам видеомурожат қиладими, унинг аҳволи видеомурожаат қиладиган даражада яхшими, буниси номаълум.

Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 7 та ҳолат аниқланди. Навоийда июль ойида 108 кишида коронавирус аниқланди. Бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 28 фоизига тенг.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ 25 июль куни Тошкент шаҳрида 2 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам 2 нафар, Жиззах вилоятида эса 1 нафар, жами 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди. Ушбу ҳолатларнинг биттаси — Қорақалпоғистоннинг Қонликўл тумани ҳокими вафоти ҳақидаги хабарлар бир кун олдин расмий манбалар орқали бериб бўлинганди. Шунингдек, маҳаллий нашрлар Чилонзор СЭОМ ходимининг вафоти ҳақида хабар берди.

Биринчи ўлим. Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова коронавирусдан вафот этди. Унинг ўлими 19 июль куни қайд этилган, бироқ ҳозиргача ҳеч ерда эълон қилинмаган. Бу ҳақда шифокорнинг опаси Маҳмуда Мурзаевага таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Марҳабо Аҳмедова.

Фото: «Gazeta.uz»

Марҳоба Аҳмедова коронавирусга 13 июль куни тест топширган ва натижасини 16 июль куни олган. У COVID-19’га чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар қаторига киритилган.

Маҳмуда Мурзаеванинг маълум қилишича, унинг синглиси пандемия бошланганидан буён деярли дам олиш кунларисиз ишлаган ва аҳолидан COVID-19’га тест қабул қилган.

Бундан ташқари, Маҳмуда Мурзаеванинг таъкидлашича, касалхоналардан жойни танишлар орқали топишга тўғри келган. Олти кун шифохонада ётган Аҳмедованинг аҳволи оғирлашгач, уни кислород аппаратига улашган, аммо бу ҳам ёрдам бермаган, аёл вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги Марҳабо Аҳмедованинг вафот этганлиги ҳақидаги хабарни «Gazeta.uz»га тасдиқлаган. Аммо ССВ коронавирус асоратларидан вафот этганлар орасида у ҳақда маълумот бермаган.

Иккинчи ўлим. Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кинология хизмати бўлими бошлиғи, подполковник Есемурат Қайипназаров 24 июль куни 49 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Makan.uz» хабар берди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати шу исм-фамилияга мос келувчи Нукус шаҳрида яшаган 49 ёшли эркак Е.Қ.нинг вафоти ҳақида маълум қилди.

Фото: «Makan.uz»

Хабарга кўра, фуқаро Е.Қ. 15—19 июль кунлари Республика ички ишлар вазирлиги госпиталида даволанган. Унда COVID-19 инфекцияси тасдиқлангач, республика кўп тармоқли тиббиёт марказининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Учинчи ўлим. Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшаган 58 ёшли А.М. исмли аёлда коронавирус тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги асорати билан кечган.

Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, қандли диабет ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшаган 64 ёшли М.С. исмли аёл 13–18 июль кунлари Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси кардиология бўлимида даволанган. 18 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва бемор Тошкент тиббиёт академияси клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, зўриқиш стенокардияси, терминал ўпка ва бош мия шиши асоратлари билан кечган.

Шунингдек, бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилишидан (инсульт) сўнгги ҳолат, юрак ишемик касаллиги, миокард инфарктидан сўнгги кардиосклероз, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Аммо беморнинг аҳволи кескин оғирлашган ва юрак қон-томир етишмовчилиги, сатурация кўрсаткичи пасайиб бориши, нафас олишининг қийинлашуви бўйича мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, терминал ўпка шиши ҳамда бош мия шишидан вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшаган 34 ёшли Б.М. исмли аёлда 5 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва 6 июль кунига қадар у Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида даволанган.

6 июль куни бемор шаҳар 3-сон туғруқ комплексига ўтказилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган бўлиб, касаллик ўткир нафас ва юрак етишмовчилиги асорати билан кечган.

Беморда 24 ҳафталик учинчи ҳомиладорлик бўлган ва асоратланган акушерлик анамнези, камқонлик каби ҳамроҳ касалликлар билан оғриган.

Асосий касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи оғирлашиб, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларга қарамай ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Кетма-кет иккинчи кун коронавирусга чалинган ҳомиладор аёллар вафоти ҳақида хабар берилмоқда. Бир кун олдин ҳам қашқадарёлик 35 ёшли ҳомиладор аёл коронавирус асоратларидан вафот этгани маълум бўлганди.

24 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими 36 ёшли Даулет Толибаевнинг коронавирусга чалиниб, вафот этгани хабар қилинганди. ССВ бир кун ўтиб ушбу ўлим ҳолати тўғрисида батафсил маълумот берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида яшаган Д.Т.да иситма, умумий ҳолсизлик ва қуруқ йўтал пайдо бўлгач, жорий йил 10 июль куни республика юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония, ўткир респиратор дистресс синдром ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, мия шиши асоратлари билан кечган. Шунингдек, беморда семизликнинг 3-даражаси, юрак ишемик касаллиги каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, мия шишидан вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 111 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирус чалингач вафот этганлар сони 117 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, ҳозирда Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов, Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. Бироқ ушбу ҳолатлар ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 9 010 нафар бемордан 133 нафари оғир, 63 нафари эса ўта оғир аҳволда Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 16 июль куни биринчи марта 60 нафардан, 17 июль куни 80 нафардан, 18 июль куни 90 нафардан, 19 июль куни 100 нафардан 21 июль куни 130 нафардан, 23 июль куни 140 нафардан, 24 июль куни 170 нафардан ошганди, энди эса уларнинг умумий сони 196 нафарга етди.

Касалликдан даволаниш

Кун давомида 359 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Бу янги рекорд. 22 июлдаги рекорд 8 тага яхшиланди.

25 июль куни

  • Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида — 124 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 146 нафар;
  • Сирдарё вилоятида — 40 нафар;
  • Жиззах вилоятида — 21 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 16 нафар;
  • Бухоро вилоятида — 12 нафар бемор тузалди.

Тошкент вилоятининг статистикалари 17 июлдан бери алоҳида берила бошлаган бўлса, бу кунлар ичида биронта ҳам беморнинг даволангани ҳақида ахборот берилмаганди. 25 июлда эса бир йўла 146 нафар бемор тузалди.

Ушбу беморларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас. Республика махсус комиссияси марказий штабининг 22 июль куни берган маълумотлари аллақачон эскирди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 19 952 нафар бемордан 10 831 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 54 фоизни ташкил этмоқда. Бир кун ичида бу борадаги кўрсаткич ўзгармади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 9010 нафар бемордан 6639 нафари Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Фарғонада 17, Навоийда 21, Жиззахда 28, Хоразмда 42, Сирдарёда 106, Қорақалпоғистонда 121, Самарқандда 135, Бухорода 139, Наманганда 162, Сурхондарёда 236, Андижонда 255, Қашқадарёда 262 ва Тошкент вилоятида 847 нафар бемор қолди.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 67 176 нафар, стационар карантинда эса 26 098 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 122 нафарга камайган бўлса, стационар карантиндаги фуқаролар сони 296 нафарга кўпайди.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c

Бошқа янгиликлар