Ўзбекистонда 29 июнь соат 23:30 дан 30 июнь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 281 та янги ҳолат аниқланди. Бу янги рекорд ҳисобланади. Бунгача 25 июнь куни 276 кишида касаллик аниқланиши энг юқори кўрсаткич бўлиб турганди. Коронавирусга чалиниш ҳолатлари 8 кундан буён 200 тадан кўп бўлмоқда. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 8503 нафарга етди.
Янги касалланиш ҳолатлари
Янги касалланганларнинг- 255 нафари карантин муассасаларида;
- 25 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 13 нафар, Тошкент вилоятида — 9 нафар, Самарқанд вилоятида — 3 нафар);
- 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (Тошкент вилоятида) аниқланган.
Тошкент вилоятида касалликка чалиниш билан боғлиқ 45 та ҳолат аниқланди. Улардан 35 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 9 нафари аҳоли орасида ва 1 нафари халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида қайд этилди. Вилоятда бир кун аввал карантин марказидаги фуқароларда аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса, янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмаганди. Халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида эса бутун Ўзбекистон бўйича янги касалланиш ҳолати аниқланмаган эди.
Тошкент шаҳрида аниқланган 29 та ҳолатдан 16 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 13 таси аҳоли орасида қайд этилди. Пойтахт июнь ойида аҳоли орасида касаллик аниқланиши бўйича 21 марта етакчилик қилди. Тошкент шаҳрида июнь ойида фақатгина 3 июнь куни аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланмаган.
Самарқанд вилоятида аниқланган 17 та ҳолатдан 14 таси карантиндагилар орасида, 3 таси аҳоли орасида аниқланди. Бу вилоятда июнь ойида энг кўп касаллик аниқланган кун бўлди. Самарқандда бунгача ой давомидаги энг кўп касаллик аниқланган кун 24 июнь эди, ўшанда 14 киши касалликни юқтириб олгани маълум бўлган.
Касалликдан даволаниш
30 июнь давомида Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида 186 нафар фуқаро соғайди. Уларнинг 135 нафари Тошкент шаҳрида, 44 нафари Хоразм вилоятида, 3 нафари Навоий вилоятида, 2 нафардан Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларида шифо топиб чиқди.Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 8503 нафар бемордан 5682 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этмоқда. Бир кун ичида бу борадаги кўрсаткич ўзгармади. Бу июнь ойидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. 5 июнь куни бу борадаги кўрсаткич 81 фоизга ҳам чиққанди.
17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди, 23 июньда уларнинг сони 2000 нафардан ошди, 28 июнга келиб эса шифохонадаги беморлар сони 2500 нафардан ҳам ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 2795 нафар бемордан 2423 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 372 нафар бемор мамлакатнинг 10 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.
Жиззахда 5, Қорақалпоғистонда 8, Наманганда 13, Хоразмда 16, Андижонда 28, Бухорода 30, Сурхондарёда 32, Навоийда 43, Самарқандда 56 ва Қашқадарёда 141 нафар бемор қолди. Фарғона вилояти коронавирусдан холи ягона ҳудуд бўлиб турибди. Даволаниш бўйича энг ёмон кўрсаткичлар Қашқадарё (28 фоиз) ва Жиззах (30 фоиз) вилоятларига тегишли. Жиззахда ўлим кўрсаткичи ҳам юқори — 10 нафар бемордан 2 нафари (20 фоиз) касаллик асоратларидан вафот этган. Хоразм вилояти коронавирусдан даволанганлар сони 300 нафардан ошган Тошкент, Бухоро ва Самарқанддан кейинги тўртинчи ҳудуд бўлди.
Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтирган беморлар энди уч тоифага ажратилади.
Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, беморлар қуйидагича ажратилади:
- коронавирус инфекциясининг енгил шакллари аниқланган (касаллик аломатларсиз ўтаётган) беморлар;
- коронавирус инфекцияси ўртача оғир кечаётган (тана ҳарорати кўтарилаётган) беморлар;
- коронавирус инфекцияси оғир кечаётган беморлар.
Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар
30 июнь куни Жиззах вилояти ва Тошкент шаҳрида бир нафардан бемор вафот этгани хабар қилинди.Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи коронавирус инфекциясига чалинган 70 ёшли онахон Ф.О. ўткир миокард инфаркти, юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани хабар қилинди. Бир кун аввал унинг турмуш ўртоғи 72 ёшли отахон Қ.Р. ҳам коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинганди.
ССВнинг маълум қилишича, Ф.О. 20 июнь куни коронавирусга гумон қилиниб, карантинга олинган эди. 23 июнь куни эса Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган. Унга юрак ишемик касаллиги, стенокардия, сурункали бронхит ва сурункали юрак етишмовчилиги, бўйин умуртқалари остеохондрози ташхиси қўйилган.
Бемор аёлда коронавирус инфекцияси қайси куни аниқланганига ССВ аниқлик киритмаган. Бироқ Жиззах вилоятида 25 июнь куни икки кишида коронавирус аниқланган ва улар туғилган кунга боргандан сўнг касаллик аниқлангани ҳақида аввалроқ хабар қилинганди. Улардан бири Ф.О.нинг турмуш ўртоғи Қ.Р. бўлгани аниқ.
Ф.О. бундан аввал, охирги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, бўйин умуртқалари остеохондрози ташхиси билан даволаниб келган. Сўнгги кунларда беморнинг нафас, юрак ва ўпка етишмовчилиги сабабли аҳволи кескин оғирлашиб, реанимация бўлимига олинган.
Бироқ мутахассисларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор худди эри каби ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.
ССВ, шунингдек, Тошкентда қорақалпоғистонлик эркак коронавирусдан вафот этганини хабар қилди. Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида яшовчи, 62 ёшли Б.Я. исмли эркак 10 июнь куни Қозоғистондан келганлиги сабабли карантин марказига жойлаштирилган. 15 июнь куни эса ҳамроҳ касалликлари туфайли Яккасарой туман шифохонасига ётқизилган. 19 июнь куни унда коронавирус аниқланган ва Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига ўтказилган ҳамда ўтган кунлар давомида реанимация бўлимида бўлган.
Бемор бундан аввал, охирги 5 йил давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, сурункали юрак ва жигар етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган. Шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўпка ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этди.
Қорақалпоғистонлик эркак Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этгани расман тасдиқланган 26-бемор бўлди.
Кетма-кет уч кундан буён ССВ кунига 2 нафардан ўлим ҳолати юз бераётганини хабар қилмоқда. Аммо яна шу нарса маълум бўлдики, ССВ ҳар доим ҳам коронавирусдан юз берган ўлим ҳолатларини ўша кундаёқ бермайди. Тошкентда коронавирусга чалинган шифокорнинг вафот этгани ҳақида 28 июнь куни хабар берилганди. Бироқ у 26 июнь куни вафот этганини шифокорнинг қизи маълум қилди. Шунингдек, Денов тумани ҳокими туманда 20 июнь куни коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилганини маълум қилган. Бироқ ССВ бу хабарни орадан 5 кун ўтиб тасдиқлаган. ССВ 26 нафар беморнинг ўлими ҳақида қайси кунлари маълумот берганини ушбу ҳаволада кўриб олишингиз мумкин.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2795 нафар бемордан 21 нафари оғир, 5 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир сутка аввал аҳволи оғир беморлар сони 19, аҳволи ўта оғир беморлар сони 6 нафарга тенглиги маълум қилинганди. Бу орада эса икки кишининг вафот этгани ҳақида маълумот берилди.
Карантиндагилар
Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 40 218 нафар, стационар карантинда эса 24 168 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 75 нафарга камайган бўлса, стационар карантиндаги фуқаролар сони 683 нафарга кўпайди.Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан (қизил рейслар) Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга ўз хоҳишига кўра 14 кунлик карантин назорати даврини ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Республика махсус комиссиясининг 30 июнь куни қилинган навбатдаги ахборотидан маълум бўлди.
Хусусан:
- Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан шакллантирилган рўйхатга киритилган меҳмонхоналар уларга тегишли объектларни 24 соат узлуксиз қўриқлаш бўйича Миллий гвардия билан шартнома тузади;
- ушбу меҳмонхоналарда тиббиёт муассасалари томонидан шартнома асосида кундалик тиббий хизмат ташкил этилади;
- фуқаролар республиканинг халқаро аэропортлари ва чегара ўтказиш пунктларидан меҳмонхоналаргача йўл патруль хизмати вакиллари кузатуви остида транспорт воситалари билан етказилади.
- 300 минг сўмгача нархдаги 599 та ўринга мўлжалланган жами 13 та;
- 301-500 минг сўм нархдаги 4256 та ўринга мўлжалланган жами 54 та;
- 501 минг сўмдан юқори нархдаги 3616 ўринга мўлжалланган жами 35 та меҳмонхона рўйхати шакллантирилган.
Янги чекловлар
Ўзбекистоннинг эпидемиологик тоифаси «қизил» ва «сариқ» бўлган ҳудудларида соат 23:00 дан сўнг кўчада юриш тақиқланди.«Жорий йил 1 июль санасидан бошлаб, ‘қизил’ ва ‘сариқ’ ҳудудларда соат 07:00 дан 23:00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда соат 23:00 дан 07:00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади», — дейилади Республика махсус комиссияси ахборотида.
Бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига рухсат берилади.
«Мазкур талабларни бузган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилади», — дея қўшимча қилинган Махсус комиссия ахборотида.
Шунингдек, Ўзбекистонда бир қатор санитария-карантин чекловларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан,
- жамоат жойлари ва тадбиркорлик фаолияти объектларида ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаш, уч кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопдан ҳамда антисептик воситалардан доимий равишда фойдаланиш;
- йўналишларда ҳаракатланаётган автобуслар салонларида санитария-эпидемиология талабларига риоя этиш, шу жумладан, йўловчиларни ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштириш;
- супермаркет ва бошқа йирик дўконларга киришда фуқароларни бепул тиббий қўлқоп билан таъминлаш;
- «сариқ» ҳудудларда (соат 06:00 дан соат 22:00 га қадар) ва «қизил» ҳудудларда (соат 07:00 дан соат 10:00 гача, 17:00 дан 20:00 гача) автотранспорт воситаларида ҳаракатланишга рухсат берилган вақтдан бошқа вақтларда ҳаракатланмаслик;
- тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш.
Махсус комиссия 1 июль санасидан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилишини белгилаб қўйди.
Бундан ташқари, 26 июнь ҳолатига кўра, «яшил» ҳудуд деб топилган Жиззах вилоятининг Дўстлик туманига 2020 йил 1 июль соат 00:01 дан бошлаб кириш ва чиқиш тўхтатилмоқда.
Бухоро вилоятида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят комиссияси томонидан сўнгги пайтларда аҳоли орасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўпайганлиги инобатга олиниб, 2020 йилнинг 30 июнидан Бухоро вилоятида жамоат транспортлари (автобус) ҳаракатининг номаълум муддатга қадар тўлиқ тўхтатилиши белгилаб қўйилди.
Изоҳ (0)