Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь, сешанба куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда коррупцияга қарши кураш борасида ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, 143 та давлат хизмати электрон шаклга ўтказилиб, 35 та идорада талаб қилинадиган ҳужжатлар сони ва хизмат кўрсатиш вақти 2 ҳисса қисқарди. Бюджет харажатлари, давлат харидлари, ер, бино ва иншоотларни олди-сотди қилиш жараёнларига ошкоралик ва очиқлик тамойиллари жорий этилди.
Ўзбекистон Президенти 29 июнь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этиш ҳақидаги фармонни қабул қилди.
Маълум қилинишича, агентлик тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан бирга қуйидаги вазифаларни амалга оширади.Биринчидан, барча вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари ўз ҳудудларида, тармоқ раҳбарлари ўз тизимларида агентлик билан бирга бир ой муддатда Коррупциядан холи дастурини ишлаб чиқади. Бунда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда соҳаларни рақамлаштириш энг асосий вазифа бўлади.
Иккинчидан, коррупциянинг олдини олишда таъсирчан парламент ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилади. Жумладан, агентлик коррупцияга қарши курашиш ишларининг ҳолатини таҳлил қилиб, ҳар йили Президент ва Олий Мажлис палаталарига миллий ҳисобот киритиб боради.
Шунингдек, агентлик кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бирга аҳоли ва тадбиркорларнинг коррупцияга муносабатини ўрганиб бориши ва давлат идоралари фаолиятини баҳолаб бориши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш бўйича ўқитилади
Изоҳ (0)