Соғлиқни сақлаш вазирлиги 26 июнь куни аҳоли орасида қайд этилган коронавирус билан касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумот тақдим этди.

Шу куни 250 ҳолатда касаллик аниқланган бўлиб, шундан 25 нафари аҳоли орасида қайд этилган. Ҳудудлар кесимида олинса, Хоразм вилоятида 10 нафар, Тошкент шаҳрида 8 нафар, Тошкент вилоятида 5 нафар, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида эса 1 нафардан.

Жумладан, Тошкент вилоятида яшовчи А.З.да (профилактика мақсадида намуна топширган), Қибрай туманида яшовчи С.А.да (тумандаги колбаса цехи ишчиси), Паркент туманида яшовчи Г.М.да, ушбу туманда яшовчи яна бир фуқаро Ж.Т.да (ҳар икки ҳолатда ҳам профилактика мақсадида намуна топширган) ва вилоятдаги «Ғишткўприк» чегара пости навбатчи эпидемиологи М.С.да касаллик аниқланган.

Шунингдек, Сирдарё вилоятида Қозоғистондан қайтган Ф.М.да, Бухоро давлат университети магистри М.Х.да (афғонистонлик), Хоразм вилояти Хонқа туманида яшовчи Р.Ю. ва унинг 7 нафар оила аъзосида, Урганч туманида яшовчи Х.Х.да, Ҳазорасп туманида яшовчи М.Р.да (бир неча кун давомида тана ҳарорати кўтарилгани сабабли намуна топширган) ҳам коронавирус тасдиқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини карантин қоидаларига қатъий риоя этишга чақирди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 27 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 7551 нафарга етди. Уларнинг 5038 нафари (67 фоиз) соғайган, 20 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган.