Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда 12 июнь ҳолатига кўра коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича маълумот берди.

Унга кўра,  4 819 нафар беморда коронавирус инфекцияси қайд этилган. Шундан 3637 нафар (75 фоиз) бемор соғайган, 1163 нафари даволанишда давом этмоқда.

11 июнь куни мамлакат бўйича 118 та касалланиш ҳолати аниқланган. Шундан 70 нафари карантин муассасасида, 39 нафари аҳоли орасида (Навоий вилоятида 18 та, Тошкент шаҳрида 17 та, Наманган вилоятида 3 та ҳамда Тошкент вилоятида 1 та), 9 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган. Шу куни 105 нафар бемор соғайиб, шифохонадан чиққан.

Вирусологик лабораторияларда коронавирусни аниқлаш бўйича охирги бир кунда — 17 086 та, эпидемия давомида — 865 072 та тест синовлари ўтказилган. 5 июнь куни бундай тестлардан 748,5 мингта ўтказилгани маълум қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, нодавлат тиббиёт ташкилотларига барча талабларга риоя қилган ҳолда ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари раҳбарлари томонидан имзоланадиган шартнома асосида 2020 йил 1 сентябрга қадар коронавирус инфекциясини лаборатор текшириш бўйича пуллик тиббий хизмат кўрсатишларига рухсат берилган.