Ўзбекистонда 9 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 38 нафарга кўпайиб, 4520 кишини ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 8 таси карантин муассасаларида, 13 таси халқаро юк ташувчи автомашиналар ҳайдовчилари ва 17 таси эса аҳоли орасида қайд этилди. Ҳозирда ушбу ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда, дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Ўзбекистонда 9 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 34 кишига кўпайиб, 4482 нафарга етгани хабар қилинганди.

Кун давомида Тошкентда 74 нафар, Навоийда 28 нафар бемор тузалган ва жами 102 нафар бемор соғайганидан кейин Ўзбекистон бўйлаб коронавирусдан бутунлай фориғ бўлганлар сони 3459 нафарга (76 фоиз) етган. Даволаниш муассасаларида 1043 нафар коронавирус билан касалланган бемор қолган.

Ўзбекистонда COVID-19 эпидемияси бошланганидан бери коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида 18 нафар бемор ҳаётдан кўз юмган.