Бош вазир Абдулла Ариповнинг Сўх тумани аҳолиси билан ўтказган учрашувида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев танқид қилинди. Ижтимоий тармоқларда ҳоким «жанжалкаш» қишлоқларни Сўх тумани харитасидан ўчириб ташлашини айтган аудиоёзув тарқалди. Вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати раҳбари рейтинги баланд ҳокимларни ҳам ёқтирмайдиганлар борлигини таъкидлади.

Фото: «Gazeta.uz»

1 июнь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўзбек-қирғиз чегарасидаги Чашма булоғи яқинида содир бўлган келишмовчиликни бартараф этиш учун Фарғона вилоятининг Сўх туманига борган эди.

Маҳаллий аҳоли нимадан норози?

«Human.uz» нашри томонидан эълон қилинган видеода маҳаллий аҳоли вакили муаммолар ҳақида гапириб, биринчи навбатда, бунга вилоят ҳокими айбдорлигини айтиб ўтган. Аҳоли бу сўзларни қарсаклар билан қарши олади. Муаммолар орасида вилоят халқининг қолган қисми билан мулоқот йўқлиги, сув, ун ва бошқа маҳсулотларнинг етишмовчилиги кўрсатилган.

Бошқа бир фуқаро бош вазирга мурожаат қилиб («Водий бозор эълонлари» Telegram каналидан), «Халқ Ғаниев керак эмас, деяпти. Нима учун биласизми? Халқ Ғаниевни ҳурмат қиларди. Ғаниев келиб, «керак бўлса, Сўхни харитадан ўчириб ташлайман», дебди… Мана халқ ёки нотўғрими?», — дейди.

Худди шу каналда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев экани айтилаётган шахснинг Сўх туманидаги қишлоқлардан бирини туман харитасидан ўчириб ташлаш, таъминотдан узиш ҳақида айтганлар гаплари акс этган аудиоёзув тарқалди. «Gazeta.uz» аудиоёзувнинг матн шаклини келтирган.

— (эҳтимолий Шуҳрат Ғаниев) Яна бир марта сўраяпман, 74 тасини олиб кетайми Фарғонага, деяпман?

— Йўқ.

— Мана келишдик, яна бир оғиз гап чиқса, энди мен келиб ўтирмайман. Билиб қўйинглар. «Сўхликлар ношукур одамлар» деган мақола тайёр турибди газетада, бугун Фарғона телевидениесида кетсинми?

— Йўқ.

— Ношукурчилик қилмасин. Қани Ленбургдан ким келган? Иккинчи масала, ўша Ленбург қишлоғи шундай қилаверса, бошқа гап кетади. Жуда яхши биласизлар. Қайси қишлоқ бизда жанжалкаш бўлса, биз уни Сўх тумани картасидан нима қиламиз, Фарҳод ака? Сўх тумани харитасидан ўчириб қўямиз. Ҳамма таъминот тўхтайди. Тушунарлими ёки тушунарлимасми?

— Тушунарли.

— Сизлар, нима бизга катта ташвиш олиб бергани ўтирибсизларми? Кимга керак бу ташвиш?

— Ҳеч кимга.

— 74 та йигитни ҳозир қамасинми?

— Йўқ.

— Тайёрми рўйхат? Ички ишлар бошлиғи, прокуроримиз? 74 тасиники? Бўлди, 74 тасини бўлмасам жўнатворамиз, ҳарбийлар келасизлар, қуролли йигитлардан. Фарғонага олиб бориб қамайсизлар 74 тасини…

— Буёққа келинг. Ҳозир жанжал бўлади, Сўх дарёсида ўйин кетади. Фарғона вилоятини Фарғона тумани, Риштон, Олтиариқ, Боғдод, Тошлоқ, Қўштепа, Ёзёвонга (туманларига) сув бормайди. Кейин нима бўлади? У ёққа сув бормайди. Кейин Фарғонадаги бошқа катта-катта раён-шаҳарларда Сўх тўғрисида нима дейди? Карим ака Фарғонага борса, Фарғонада, Водилда Карим акани ушлаб нима қилади?

— Тошбўрон қилади.

— Ҳа, ана. Тўғрими?

— Ҳа.

— Шу керакми? Юрагида ўти бор сўхликлар нимадир айтадими?

— Йўқ.

— 2013 йил 6, 7, 8 январдаги воқеаларни бир эслатайми? А Карим ака? Бутун Ўзбекистонга фарғоналикларни шарманда қилган сўхликлар бўлган. Хушёр воқеаларини эслатайми? Яна шу нарса керак бўлиб турибдими? Кимга керак бўлиб турибди, ҳокимни биринчи ўринбосари? А? Кимга керак бўлиб турибди, халқ қабулхона раҳбари? Ким хоҳлаяпти шуни яна? Борми хоҳлаётганлар?

— Йўқ.

«Рейтинги баланд ҳокимларни ҳам ёқтирмайдиганлар бор».

Ушбу масала юзасидан «Gazeta.uz» Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов билан боғланди.

«Ижтимоий тармоқларда ҳокимларга рейтинг беришади, сўров ўтказдик, 1000 кишидан сўрадик, 500 кишидан сўрадик дейди. Рейтинги баланд ҳокимларингизни ҳам ёмон кўрадиганлар, ёқтирмайдиганлар бор. Чунки бу ҳаёт», — деди ҳокимият вакили.

У Сўхда бўлиб ўтган воқеаларга «сўхликлар» деган сўзини ишлатишга қаршилигини, ҳокимият бу фикрлар бутун Сўх аҳлининг фикри деб қабул қилмаслигини айтди. «Сўхликлар эмас, Сўхда 70 минг аҳоли бор. Битта, иккита одамнинг бақир-чақир қилгани, бу бутун Сўх халқининг фикри дегани эмас. Оломонда бир-иккитаси қийқириб, бақириқ-чақириқ қилди-да, нима қилибди?», — деди у.

Муҳаммаджон Обидов ҳаттоки Президентни ҳам «100 фоиз ҳамма яхши кўради» деб айтиб бўлмаслигини айтди. Лекин бу бутун халқ дегани эмаслигини, буни ҳар бир кишининг шахсий ва индивидуал фикри эканлигини айтди.

Ҳокимлик матбуот хизмати раҳбари ҳозир АҚШда бўлиб ўтаётган намойишлар бўйича мисол келтириб, кўчаларда бир неча минг одамлар дўконлар ва машиналарни ёқаётганини, ойналарни синдираётганини эслатиб ўтди. «Бу дегани, буни 300 миллионга яқин Америка халқи қиляпти, дегани эмас-ку», — дейди у.

Ижтимоий тармоқларда тарқаган аудиёзув ҳақида Муҳаммаджон Обидов шундай деди: «Мен аудиоёзув бўлган пайтда бўлган эмасман. Ман аниқ айтолмайман, балким ҳокимнинг овозидир, балким ҳокимнинг овозимасдир».

Сўхликлар кимни ўз ҳокими сифатида кўришмоқчи?

Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувда маҳаллий аҳоли вакили собиқ Сўх ҳокими Ҳакимжон Сайфутдиновни қайтаришни сўраган эди. Фарғона вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати раҳбарининг маълум қилишича, Сўх туманининг ҳокими Фаррух Ўсаров бир неча кун олдин ўз лавозимидан озод қилинган.

«Сўх тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари вақтинча ҳоким вазифасини бажариб турибди. Булар бизга, Сўхга, Сайфутдиновни олиб келиб беринг, ҳоким қилиб, деб сўрашяпти. Авваллари Сўх ҳокими бўлган Ҳакимжон Сайфутдинов илгари Миллий хавфсизлик хизматида катта лавозимда ишлаган. У ердан Сўхга ҳоким бўлиб ўтган. Маълум муддат ишлагандан кейин, адашмасам, ҳозир Экология қўмитасининг вилоят тизимида ишлайди», — деди Муҳаммаджон Обидов.

Унинг айтишича, Сайфутдинов Сўхга ҳоким бўлган вақтда туманда ўзгаришлар бўлган. «Баъзи бир қурилишлар қилинган, йўллар очилган, анча ишлар қилган у одам. У тожик тилида яхши гапирадиган одам бўлган. Сўхда аҳолининг аксарияти тожик миллатига мансуб, тожик тилини биладиган ҳоким керак у ерга», — дейди Муҳаммаджон Обидов.