Мана май ойининг биринчи декадаси ҳам ўз ниҳоясига етмоқда. «Дарё» май ойининг илк ҳафтасида дунёда юз берган муҳим воқеалар таҳлилини диққатингизга ҳавола этади.

Тирилган Ким?!

Апрель ойининг охирига келиб «олиб қолган» Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин май ойида «тирилиб» келди. Гап шундаги апрель ойининг охирги кунларида унинг жамоатчиликка узоқ вақтдан буён кўриниш бермагани турли гап сўзларни келтириб чиқарган эди. Ҳатто уни ўлдига чиқарган етакчи ОАВлар ҳам бўлди. Аммо май ойи бошида у жамоатчилик олдида кўриниш берган. Шимолий Кореяда ҳукмрон Меҳнат партиясининг матбуот органи бўлган Rodong Sinmun газетаси КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг ўғит заводи очилишида тушган фотосуратларини эълон қилди.

Фото: Yonhap

Ким Чен Ин суратларини КХДР Марказий телеграф агентлиги ҳам эълон қилди. У тирик бўлса, шу пайтгача қаерда эди? Бунга Жанубий Корея разведка маълумотлари асосида жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Жанубий Корея Давлат разведка хизматининг тахминига кўра, КХДР етакчиси Ким Чен Ин ички ишларни тартибга солиш зарурияти, шунингдек, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб узоқ вақт оммавий тадбирларда кўриниш бермаган. «Разведканинг ҳисоблашича, Ким Чен Ин ички кадрлар алмашинувига бор диққатини қаратиб, партия-давлат ҳамда ҳарбий қудратни мустаҳкамлаш борасида йиғилишлар ўтказган.

Вазият коронавирус инфекцияси тарқалган вақтга тўғри келиб қолгани сабаб оммавий фаоллик жиддий қисқартирилган», — дейди парламентнинг разведка қўмитаси раиси ўринбосари Ким Бён Ги. Шунингдек, Ким йил бошидан буён 17 марта жамоатчиликка кўриниш берган. Бу эса унинг ҳокимиятга келганидан буён энг паст кўрсатгичи ҳисобланади. «Разведканинг тахминига кўра, юракка оид жарроҳлик амалиётлари ёки операция ўтказилмаган. Мутахассисларнинг фикрича, гап юракка боғлиқ муаммолар ҳақида кетганида, жараён бунчалик осон кечмас эди, Шимолий Корея етакчисининг соғлиғини 4-5 ҳафта назорат қилиш керак бўларди. Ким Чен Ин жамоатчиликка кўриниш бермаган бўлса ҳам давлат ишлари билан одатдаги режимда шуғулланишни давом этган», — дейди Ким Бён Ги.

Шундай қилиб, Шимолий Корея лидерининг «ўлими» билан боғлиқ шов-шувларга барҳам берилди.

Елбасининг қизи ишдан олинди

Бу ҳафта қўшниларда ҳам кадрлар масаласида жиддий ўзгариш юз берди. Мамлакатнинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева янги президент Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан сенат раиси лавозимидан олинди ва унинг сенаторлик ваколати тугатилди. Айтилишича, бу ҳақидаги тегишли фармон 2 апрель куни президент томонидан имзоланган. Аммо расмий ахборотларда унинг ишдан олиниши сабаблари ошкор этилмаган. Москва давлат халқаро муносабатлар институти Марказий Осиё ва Афғонистон масалалари тадқиқоти маркази директори Андрей Казанцев фикрига кўра, у Қозоғистон президентлигига даъво қилиши мумкин бўлган.

Фото: Google Photos

Бу ҳақидаги тахминларини эксперт 2019 йилда Назарбоеванинг Сенат спикери этиб тайинлаганида айтиб ўтган эди. «Яъни бир томондан Ўзбекистонда Гулнора Каримова билан боғлиқ вазият ҳаммага маълум. Албатта, Назарбоев бундай ҳол унинг оиласида ҳам такрорланишига йўл қўймайди. Шунинг учун Дариғанинг ушбу лавозимга сайлангани Назарбоевлар оиласи билан ҳаммаси яхши бўлишини кафолатлайди», — деган эди ўшанда Казанцев. Лекин унинг сўзларига кўра, бу Назарбоеванинг кейинги сиёсий ўсишига тўсиқ бўлмайди.

«Дариға Қозоғистондаги энг тажрибали сиёсатчилардан бири. Унинг ўсишига имкон бор, шунингдек, отасининг таъсири ҳам. Ҳозир ҳамма нарса бўлиши мумкин», — қўшиб қўяди у. У келажакда Қозоғистон президенти бўлиши мумкинми, деган саволга сиёсатшунос «Менимча, ҳа. Лекин воқеалар ривожини кузатиш керак. Сайлов кампаниялари бошлангач, ҳаммаси аниқ бўлади. Лекин экспертларнинг тахминий рўйхатида Дариға йўқ. Шунинг учун буни ҳозирдан муҳокама қилмаган маъқул», — деб жавоб берган эди.

Қозоғистоннинг олдида ҳали узоқ ўтиш даври турибди. «Нима бўлганда ҳам Қозоғистоннинг кейинги президенти Назарбоевнинг сиёсатини олиб боради. У хоҳ Тўқаев, хоҳ Дариға бўлсин,» — деган эди эксперт. Казанцевнинг тахминлари қанчалик ўзини оқлаганини ҳозир айтиб бўлмайди. Чунки Назарбоеванинг ишдан олингандан кейинги тақдири ҳамон номаълумлигича қолмоқда.

Ўтган йили Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўз хоҳишига биноан лавозимини тарк этган, унинг ўрнига вақтинчалик президент этиб Сенат спикери Қосим-Жўмарт Тўқаев тайинланган эди. Мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларида эса Тўқаев ғолибликни қўлга киритди ва мамлакатнинг иккинчи президенти этиб сайланди.

8 май – Германия капитуляцияси куни

Бундан 75 йил аввал 8 май куни Иккинчи жаҳон урушига мантиқан якун ясаган шартнома имзоланди. Унда Германия фашистлари сўзсиз таслим бўлганлик ҳақида имзо чеккан эди. Шу тариқа инсоният бошига оғир кулфатларни солган нацизм ғояси мағлуб этилди. Шу сана муносабати билан 8 май куни бир қатор Европа давлатларида турли намойишлар бўлиши кўзда тутилган эди. Аммо мавжуд пандемик вазият туфайли улар бирмунча чекланган шаклда амалга оширилди. Жумладан, урушдан энг кўп зарар кўрган давлатлардан бири Францияда президент иштирокида чекланган одамлар ҳамроҳлигида уруш қурбонларини хотирлаш маросимлари бўлиб ўтди.

Берлин жанги. 1945 йил.

Фото: Google Photos

Унда Франция президенти Эммануэль Макрон дастлаб Шарль де Голль ҳайкали пойига, кейин эса номаълум аскар монументига гулчамбар қўйди. Байрам тадбирлари оммавий нишонламади. Шунингдек, ҳарбий парадлар ҳам ташкил этилмади. Департамент ва шаҳарлар мерлари ҳам уруш қурбонларига атаб бунёд этилган марказий монументларга гулчамбар қўйиш билан чекланди. Тадбирда давлатнинг бир қатор юқори лавозимли кишилар билан бир қаторда Франциянинг икки собиқ президентлари Никола Саркози ва Франсуа Олландлар ҳам иштирок этди.

Германия устидан қозонилган ғалаба Россия ҳамда бошқа пост-совет давлатларда катта тантаналар билан нишонланиши одатий ҳолга айланиб қолган ва бу 9 май санасида бўлиб ўтади. Сабаби Германия мағлуб бўлгани ҳақидаги ҳужжат 8 майдан 9 майга ўтар кечаси Берлинда имзоланган. Берлин вақти билан 8 майга, Россия вақти билан эса 9 майга тўғри келгани учун ҳам аввалига Собиқ Иттифоқда, ҳозир Россия ва бошқа пост-совет давлатларида айнан 9 майда нишонланади.

Россия бу йилги тантаналарга ўзгача катта тайёргарлик қилаётган эди. Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тадбирларда бир қатор етакчи давлатлар раҳбарлари ҳам таклиф этилганди. Бу Владимир Путинга Россиянинг геополитик мавқейининг тикланишини намойиш этиш учун ўзига хос бир имконият эди. Аммо бутун дунёда бўлиб турган пандемик вазият бунга имкон бермади ва 9 май тадбирлари бир мунча соддароқ ташкил этилди. Маросимда нутқ сўзлаган Владимир Путин уруш ветеранларини байрам билан табриклади.

Коронахабарлар

Ушбу ҳафтада дунёнинг баъзи қисмида ўрнатилган изоляция режими енгиллаштирилиши бошланган бўлса, бошқа қисмида вазият ҳамон оғирлигича қолмоқда. Жумладан, АҚШда коронавирус касаллигини юқтириб олганлар сони 1,2 миллион кишидан ошиб кетди. Мазкур давлатда касалликдан вафот этганлар эса 75 мингдан ортиқни ташкил қилмоқда. Бу борада АҚШ мутлақ етакчилик қилмоқда.

Жанубий Америка давлатлари орасида  Бразилия етакчилик қилмоқда. Мамлакатда бу ҳафта касалланганлар сони рекорд даражага ошиб, суткалик кўрсатгич 10 минг кишидан ошган. Бразилияда касалланганлар сони 120 минг кишидан ортиқни ташкил қилмоқда ва 9 мингга яқин киши вафот этди.

Фото: Google Photos

Ервопанинг кўпгина давлатлари изоляциядан босқичма-босқич чиқишни аллақачон бошлаб юборди. Аммо Буюк Британиядаги ҳолат ҳамон оғирлигича қолмоқда. Бу ҳафтада Буюк Британия касалликдан вафот этганлар сони бўйича Европада биринчи ўринга кўтарилиб олди. Мамлакатда 33 мингга яқин киши мазкур касалликдан вафот этди.  Ундан кейинги ўринда эса карантин талаблари юмшатилаётган Италия бормоқда. Италияда касалликдан вафот этганлар сони 30 мингга яқинни ташкил қилади. Франция ҳам ушбу ҳафта карантин чекловларини анча юмшатиб, бир нечта мактабларда таълим жараёни қайта тикланди. Мамлакат карантиндан чиқишнинг биринчи босқичини 11 майдан бошлайди.

Коронавирус бутунлай тугатилган деб эълон қилган Европа мамлакати ҳозирча Исландия бўлмоқда. Ҳукумат 6 май куни мамлакатда касаллик боғлиқ ҳолатларнинг 97 фоизи тузалганини маълум қилган. «Исландияда COVID-19 учун тест натижаси ижобий чиққан 1 799 кишидан 1 750 нафари вирусдан халос бўлди. Афсуски, касаллик ўнлаб кишилар умрига зомин бўлди», — дейилади ҳукумат баёнотида. Қайд этилишича, айни пайтда мамлакатда касалланган 39 киши қолган, уларнинг 3 нафари касалхонада, лекин уларнинг соғлиғига жиддий хавф йўқ. Мамлакатда 4 майдан бошлаб 16 мартда жорий этилган чеклов чораларини бекор қилиш бошланди.

Шунингдек, бир қатор давлатлар ўз чегараларини очишни ҳам режалаштираётганини эълон қилди. Латвия, Литва ва Эстония ҳукуматлари 15 майдан ички чегараларни очиш борасида келишиб олди. Бу ҳақда Латвия бош вазири Кришьянис Кариньш Twitter’да маълум қилган.

2020 йил 6 май ҳолатига кўра, Латвияда 900 нафар одамда коронавирус қайд этилган, 464 нафар бемор вирусдан тузалган, 17 киши касаллик оқибатида вафот этган. Литвада COVID-19 эпидемияси бошланганидан бери 1 428 нафар киши касалликка чалиниб, 718 нафар бемор ундан тузалган, 48 нафар фуқаро коронавирус оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Эстонияда эса 1 713 кишида коронавирус борлиги аниқланган, 264 нафар бемор инфекциядан фориғ бўлган ва 55 та ўлим ҳолати кузатилган. Польшада эса 10 май куни ўтиши керак бўлган президентлик сайловлари пандемия туфайли бекор қилинди. Бу ҳақда мамлакатдаги ҳукумрон партия — «Қонун ва адолат» етакчиси Ярослав Качиньский ҳамда унинг коалиция бўйича ҳамкори, «Келишув» партияси етакчиси Ярослав Говинга таяниб, Польша матбуот агентлиги хабар берди.

МДҲ орасида Россиядаги вазият хавотирли тус олмоқда. Бу ҳафтада Россияда касаллик юқтириб олганлар сони 200 минг кишига яқинлашгани маълум қилинди. Аммо ўлим ҳолати касалланганлар сонига нисбатан анча пастлигича қолмоқда. Мамлакат 12 майдан бошлаб барча саноат корхоналарини қайтадан ишга туширишни мўлжаллаяпти.

Ўтган ҳафта юз берган коронавирус билан боғлиқ яна бир хабар эътиборга молик. 2 май куни АҚШда коронавирус устида тадқиқот олиб бораётган хитойлик олим, Питтсбург университети тадқиқотчиси Бин Лю ўз квартирасида ўлик ҳолда топилган. Олим коронавирус пандемиясига сабаб бўлган инфекция ҳақида муҳим кашфиёт қилишга яқин турганди. Бу ҳақда CNN хабар қилган. Терговчилар Люни таниши отгани ва қотилликдан кейин уйдан чиқиб, машинасига ўтириб ўз жонига суиқасд қилган деб ҳисобламоқда.