Қирғизистонда ўтган бир сутка ичида яна 14 кишида коронавирус аниқланди, беморларнинг 13 нафари даволанишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда республика COVID-19’га қарши курашиш штабига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«11 май ҳолатига кўра, яна 14 кишида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди», — дейди штаб вакили.
Унинг сўзларига кўра, касалликка чалинган янги беморларнинг уч нафари — тиббиёт ходимлари. Шунингдек, ўтган бир сутка ичида 13 кишида соғайиб, уларга стационарлардан жавоб берилган.
Шундай қилиб, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 1016 кишига етди, уларнинг 235 нафари — тиббиёт ходимлари. Мамлакатда пандемия бошланганидан буён 12 киши коронавирус қурбонига айланган бўлса, жами 688 бемор даволанишга муваффақ бўлган. Мамлакатда ҳозирга қадар коронавирусга 66 мингдан ортиқ тест ўтказилган.
Аввалроқ Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони минг кишидан ошгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 4 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилиб, коронавирусга қарши курашдаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганди.
Изоҳ (0)