Қозоғистонда коронавирусга тест топширадиганлар рўйхати кенгайтирилди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Лаззат Оқтоевага таяниб, Tengrinews хабар берди.

Фото: EADaily

«19 та лабораторияда тестлар ўтказилмоқда, уларнинг қуввати суткасига 6 мингни ташкил этади. Ҳозирга қадар 70 мингдан ортиқ тест ўтказилган бўлиб, коронавирус инфекцияси аниқланган бир бемор ҳисобига 80 та тест тўғри келмоқда. Эпидемия энг юқори чўққисига чиққанини ҳисобга олиб, оммавий тестдан ўтказишни бошлаш зарур. Бунинг учун учта кўчма, тўртта стационар лаборатория тайёрланган. Нур-Султон ва Олмаотада ‘Олимп’ лабораторияларини ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Тест ўтказиш кўламини кенгайтириш ва яширин ўчоқларни аниқлаш учун олинадиган тестлар сонини кунига 10 мингга етказиш керак. Булар ўткир респиратор инфекциялари, тиббиёт ходимлари, ёпиқ коллективлар контингенти, муассасалар ва ҳаётни таъминлаш объектлари, яъни ижтимоий муассасалар, коммунал хизматлар, озиқ-овқат дўконлари ва транспортлардир», — дейди Лаззат Оқтоева.

Шунингдек, у мамлакатда экспресс-тест жараёнлари ҳам фаол бошланганини таъкидлаб ўтган.

«Бугунги кунга келиб 8722 та экспресс-тест ўтказилган бўлиб, уларнинг 899 таси — автомобилларни ўтказиш пунктида, 6809 таси — тиббиёт муассасаларида ва 1025 таси — Нур-Султон ҳамда Олмаота лабораториялари ҳисобига тўғри келмоқда. Экспресс-тестларни ўтказиш жараёнида 145 нафар инсонда ижобий натижалар олинган», — дейди вазир ўринбосари.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирус билан касалланганлар сони 1331 кишига етди, 240 киши даволанишга муваффақ бўлди. 15 апрель куни мамлакатда COVID-19 билан касалланган яна бир бемор вафот этиб, қурбонлар сони 16 кишига етди.