Россия президенти Владимир Путин коронавирус пандемияси муносабати билан чақирилган G20’нинг фавқулодда саммитида дори-дармон, озиқ-овқат, асбоб-ускуналар ва технологияларни ўзаро етказиб бериш учун савдо урушлари ва  халқаро санкциялардан воз кечишни таклиф қилди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

Фото: Россия президенти матбуот хизмати

«Биз биринчи навбатдаги зарур товарларни чеклашга, шунингдек, уларни сотиб олиш учун молиявий транзакция чекловига якдилликда мораторий жорий этишимиз керак», — деган Путин.

У, шунингдек, Халқаро валюта фонди қошида пандемиядан азият чеккан мамлакатларга молиявий ёрдам бериш учун махсус жамғарма ташкил этишни таклиф қилди.

Қайд этилишича, G20 саммити видеоалоқа шаклида ўтказилган. Саммит натижалари бўйича қўшма баёнот қабул қилинган бўлиб, «Катта йигирматалик» давлатлари коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозни ечиш учун 5 триллион АҚШ доллари ажратишга келишган.

«Афтидан, коронавирус пандемияси билан боғлиқ муаммолар 2008—2009 йиллардаги молиявий инқироздан ҳам кучлироқ зарбаларга олиб келиши мумкин, савдо можаролари ва санкциялар эса рецессияни кучайтиради», — деган Путин.

Биринчи навбатдаги зарур товарларга озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Россияда 2014 йилдан буён озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишга тақиқ ўрнатилган.

Аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиева 2020 йилда жаҳон иқтисодиётини 2008 йилдагидан ҳам оғирроқ рецессия кутаётганини, коронавирус оқибатида қийинчиликларга, асосан, ривожланаётган давлатлар дуч келиши кутилаётганини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, Россияда бир суткада коронавирусга чалинганлар сони рекорд даражада кўпайди. Мамлакатда касалланганларнинг умумий сони 25 март ҳолатига кўра, 658 кишига етган. Бутун дунё бўйлаб коронавирус қурбонлари 24 минг кишидан ошиб кетди. Касалликни юқтириб олганлар сони эса 531,7 минг кишидан ошган.

Ўзбекистонда эса коронавирусга чалинганлар сони 83 нафарга етди. Етти беморнинг аҳволи оғир.