Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қарорига кўра, 2020 йилнинг 20 март кунидан эътиборан халқаро йўналишларда автобус, енгил автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортлари орқали йўловчи ташувлари 40 кун муддатга тўхтатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги хабар қилган.

Фото: «Дарё»

Ушбу чеклов автомобиль, авиа, темир йўл, дарё транспортларида амалга оширилаётган юк ташувлари ва ташқи савдо юкларига нисбатан қўлланилмайди.

Аввал Ўзбекистонда коронавирус сабаб массаж салонлари, дискотекалар, болалар ўйин заллари фаолияти тўхтатилгани, Тошкент ҳайвонот боғи ёпилгани, ИИВнинг фуқароларни дезинфекцияни баҳона қилиб, уйга киришга уринаётган шахсларга ишонмасликка чақиргани, Ўзбекистонда коронавирус сабабли юзага келадиган иқтисодий муаммоларга қарши курашиш учун 10 триллион сўм ажратилиши ҳамда коронавирусга қарши курашга жалб қилинган 5,5 минг нафар тиббиёт ходимининг маоши 120 фоизга оширилиши ҳақида хабарлар берилган.