Ўзбекистонда карантиндаги фарзандларига қараётган ота-оналарни ишдан бўшатишга мутлақо йўл қўйилмайди. Уларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси 100 фоиз тўлаб берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида 19 март, пайшанба куни, коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Карантинга ёпилган муассасалар ходимлари, карантиндаги фуқаролар ва уларга қаровчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини камида 10 фоизга ёки 60 мингтага ошириш бўйича вазифалар қўйилди.
Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари фаолияти тўхтаб турган даврда тарбияланувчилар ва бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга йиллик меҳнат таътилидан фойдаланишнинг йиллик режасидан қатъи назар йиллик меҳнат таътили тақдим этилади.
Мавзуга доир:
Мавзуга доир: Ўзбекистонда коронавирус сабабли юзага келадиган иқтисодий муаммоларга қарши курашиш учун 10 трлн сўм ажратилади (видео)
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитасига бозорлардаги нарх-навонинг ўзгаришини кузатиб бориб, мавжуд захирадан қўшимча маҳсулотларни савдога чиқариш бўйича топшириқ берилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 18 март, чоршанба куни, бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида коронавирус бўйича халққа мурожаат қилганди ҳамда мамлакатимизда етарли даражада захира мавжудлигини, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлаган эди.
Изоҳ (0)