Венесуэла ҳукумати «Адолат учун» партиясининг собиқ аъзоси Лиус Парра Миллий ассамблея (парламент)нинг янги раисига айланганини эълон қилди, дея хабар бермоқда Meduza.
Reuters’нинг хабар беришича, мухолифатчи депутатлар 2019 йил январидан бери парламентга раислик қилиб келаётган Хуан Гуайдони қайта сайлаш ниятида эди. Бироқ уларнинг аксарияти Каракас марказида хавфсизлик кучлари томонидан қўйилган тўсиқлар сабаб парламент мажлисига етиб бора олмаган.
Мухолифат вакилларининг айтишича, Венесуэла ҳукумати «парламент тўнтариши»ни амалга оширган. Хуан Гуайдонинг матбуот хизмати парламентнинг янги раиси сайлангани ҳақидаги қарор кворум йўқлиги боис ноқонуний деб топилиши ҳақида баёнот берган.
Ҳукумат томонидан парламентнинг янги раиси деб таништирилаётган Луис Парра коррупцияда айбланиб, «Адолат учун» партиясидан четлатилган эди, бироқ унинг ўзи ушбу айбловларни рад этиб келади.
2019 йил январида Венесуэланинг мухолифатчи парламенти етакчиси Хуан Гуайдо ўзини мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажарувчи деб эълон қилган эди. Уни АҚШ ва Лотин Америкасининг аксарият мамлакатлари қўллаб-қувватлаган эди. Ўз навбатида, Россия ва Хитой Венесуэла президенти Николас Мадурони қўллашини билдирган. Шундан сўнг мамлакатда кўплаб норозилик намойишлари юз бериб, намойишчилар Гуайдони олқишлаб чиққан эди.
Изоҳ (0)